Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Беларусь. Ўзбекистоннинг ушбу ўлкадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов Минск шаҳар ижроия қўмитаси раиси Владимир Кухарев билан учрашди. Музокараларда мамлакатларимиз ўртасида савдо, иқтисодиёт, саноат ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Буюк Британия. Лондондаги элчихонамиз кўмагида юртимиздаги “Ҳунарманд” уюшмаси ва “London Craft Week” компанияси раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ўтказилди. Мулоқотда Ўзбекистон ҳунармандларининг “London Craft Week”нинг навбатдаги тадбирида иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди.

Венгрия. Жорий йил 11 август куни диёримизнинг Будапештдаги элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия Миллий Ассамблеясининг навбатдан ташқари ялпи мажлисида иштирок этди. Йиғилишда Андраш Бака Венгрия Президенти этиб сайланди. Ўзбекистон томони янги етакчини сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, унга масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади ҳамда унинг фаолияти Ўзбекистон–Венгрия муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига умид билдирди.

Япония. Токиодаги дипломатимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Окаяма префектурасига ташриф доирасида “MGH Co., Ltd.” раҳбари К.Нагаяма билан учрашди ҳамда компаниянинг ишлаб чиқариш ва сервис қувватлари билан танишди. Мулоқотда автомобиллар ва махсус техникаларга хизмат кўрсатиш, уларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш бўйича компания тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш, шунингдек, коммунал ва транспорт инфратузилмаси ҳамда логистика соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА