Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Бирлашган Араб Амирликлари. Ўзбекистон Республикасининг Абу-Дабидаги элчихонаси томонидан “Aspire Holding” компанияси раиси Рашид Сауд Ол Шамси билан учрашув ташкил этилди. Унда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўриб чиқдилар. Мулоқот давомида компания билан кимё саноати соҳасида амалга оширилаётган лойиҳа юзасидан батафсил фикр алмашилиб, унинг самарадорлигини ошириш масалалари ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Буюк Британия. Лондондаги элчихонамиз вакиллари иштирокида Жерси оролида Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар концлагеридан қочиб чиққан ўзбекистонлик аскар Боқижон Акрамовга бошпана бериб, унинг ҳаётини сақлаб қолган ҳамда юксак инсонпарварлик ва жасорат намунасини кўрсатган Буюк Британия фуқаролари марҳум Жон Ле Бретон ва Филлис Эмили Ле Бретоннинг фарзандлари Дулси Ле Бретон ҳамда Алан Ле Бретонга Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” орденини топшириш маросими тантанали равишда ўтказилди.

Ҳиндистон. Деҳлидаги дипломатимиз Сардор Рустамбоев “Bennett University” вакиллари билан учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқот чоғида мазкур олий таълим муассасаси билан таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Венгрия. Будапештдаги элчимиз Ойбек Шаҳавдинов Сербия Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари Марина Рагуш билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Япония. Ўлкамизнинг Токиодаги элчихонаси томонидан “Japan Bank for International Cooperation” (JBIC) ҳамда “UzAirports” ўртасида видеоконференсия шаклида учрашув ташкил этилди. Музокаралар давомида Тошкент шаҳрида режалаштирилаётган Янги Тошкент халқаро аэропорти лойиҳаси тақдим этилди ҳамда унга хорижий сармояларни жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА