“Ташаббуслар марафони” ёшлар учун чинакам ютуқлар майдонига айланди
Шу кунларда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли рағбатлантирувчи, интеллектуал ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб илк бор йирик қамровдаги “Ташаббуслар марафони” ўтказилмоқда.
Мазкур марафон ёшлар учун илм-фан, замонавий кўникмалар, нетворкинг, истиқболли стартап лойиҳаларни ривожлантириш ва грантлар имкониятини ягона майдонда жамлаган йирик платформа ҳисобланади. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги 20 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар орқали ёшларга бевосита тақдим этилаётган ушбу марафон ўз ғоясига эга ёшлар учун ҳақиқий имкониятлар эшигини очади.

“Ташаббуслар марафони” айни кунларда Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилди. Хива шаҳрида қизғин давом этган марафонда турли стартап, китобхонлик, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб замонавий йўналишларни ўз ичига олган 30 га яқин лойиҳалар 15 мингдан ортиқ ёшни қамраб олди.
Марафоннинг ёрқин ва мантиқий якуни сифатида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида гала-концерт ташкил этилди.
Санъаткорлар иштирокида ўтган дастурда 63 мингга яқин аҳоли жам бўлди. Жўшқин куй-қўшиқлар ва кўтаринки кайфият хоразмлик ёшлар учун хотирада узоқ вақт муҳрланиб қоладиган чинакам байрамга айланди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида минглаб шижоатли йигит-қизлар жам бўлди. Турли йўналишдаги лойиҳалар, янги ғоялар ва қайноқ тажриба алмашинуви Қорақалпоғистон ёшларини ягона мақсад атрофида бирлаштирди.
Энг асосийси, ёшлар бу ерда ўзларининг инновацион ва стартап лойиҳаларини намойиш этиш, тажрибали мутахассислардан қимматли маслаҳатлар олиш ҳамда ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун кучли жамоа шакллантириш имконига эга бўлишди.
Кўҳна Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган марафонда 15 мингдан ортиқ йигит-қиз иштирок этиб, ўзларининг инновацион ғоялари, стартап лойиҳалари ва янги ташаббуслари билан фаол ўртоқлашди.

“Ташаббуслар марафони” доирасида ташкил этилган АТ, тадбиркорлик, китобхонлик, волонтёрлик ва маданият йўналишларидаги махсус майдончалар бухоролик ёшлар учун чинакам тажриба алмашиш маконига айланди.
Шунингдек, марафон Навоий вилоятида ҳам юқори кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Навоий шаҳридаги “Ёшлар сайлгоҳи”да ташкил этилган ушбу марафонда вилоятнинг минглаб шижоатли йигит-қизлари жам бўлди. Тадбир доирасида АТ, стартап, тадбиркорлик, маданият ва китобхонлик каби кўплаб замонавий йўналишларни ўзида қамраб олган лойиҳалар ёшлар эътиборига ҳавола этилди.
Жараёнлар давомида навоийлик ёшлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, аниқ амалий таклифлар ва янги ғояларни илгари сурди.

–Мазкур марафон интилувчан ёшлар учун ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш ва шахсий ривожланиш майдонига айланди, – деди Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати бош мутахассиси Дониёр Юсупов. – Эндиликда марафон Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятларида давом этиб, якуний манзили сифатида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳар бир ҳудудда марафондан сўнг “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида йирик гала-концертлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу тадбирлар орқали республика бўйича жами 2,5 миллион нафар ёшни қамраб олиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш белгиланган.
208 та туман ва шаҳарларнинг марказий кўчалари, сайилгоҳ ва хиёбонларида 500 дан ортиқ нашриёт ва китоб дўконлари иштирокида “Китоб фестивали” ташкил этилади.
Ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш учун жойларда “Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида чемпион тадбиркорлар иштирокида бизнес марафонлар ташкил этилмоқда. Бунинг доирасида 50 минг нафар ёшларга ўз бизнесини бошлаш, самарали бошқарув ва қўшимча қиймат яратиш орқали бренд компанияларни қуриш сир-асрорлари ўргатилади.

“Ёшлар ойлиги” доирасида турли тоифадаги, жумладан, иқтидорли, интилувчан ва кўмакка муҳтож ёшлар учун қатор йирик ижтимоий лойиҳалар ҳам амалга оширилади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида “Бўзатов фест” республика танловининг финал босқичи ҳамда ёшларни табиатни асрашга чорловчи “Обод юрт” экологик плоггинг акцияси ўтказилди.
Самарқанд вилоятида ногиронлиги бўлган ёшлар учун махсус “Voice Up” халқаро инклюзив оромгоҳи ташкил этилса, Тошкент шаҳрида “Маданиятлараро мулоқотдан - амалий ҳаракатга” деб номланган глобал ёшлар форуми бўлиб ўтади.
Шунингдек, Фарғона вилоятида Марказий Осиё ёшлари иштирокидаги халқаро семинар ҳамда Жиззах вилоятида киберспорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилиши белгиланган.
Шу билан бирга, вазирлик, идоралар ва ташкилотлар ходимлари ўртасида “Йилнинг энг фаол ёш ходими” кўрик-танлови ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилиб, бу орқали ёш мутахассисларнинг салоҳияти оширилади.
Байрам арафасида 30 июндан 4 июлга қадар пойтахтимиздаги “CАЕх” халқаро кўргазма марказида олтита йирик павильонни ўз ичига олган халқаро китоб фестивали бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли тадбирда жаҳоннинг етакчи нашриётлари иштирокида Б2Б мулоқот майдони яратилиб, ёш ёзувчилар учун махсус питчинг тизими жорий этилади.
Фестиваль доирасида жадидлар маънавий хазинасини бугунги авлод тилига тушунарли тарзда таржима қилиш бўйича кўргазмалар ва маҳорат дарслари, шунингдек, китобхонлар учун “Жонли кутубхона” ва “Болалар китоб олами” каби интерактив лойиҳалар амалга оширилади.
30 июнь — Ёшлар куни байрами муносабати илм-фан, таълим, спорт, санъат ҳамда тадбиркорлик соҳаларида юқори натижаларга эришган ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА