Ташаббус бор жойда имконият бор
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманидаги Айбўйир маҳалласи туман марказидан бир неча чақирим узоқда жойлашган. Чекка ҳудуд бўлишига қарамай, бу ерда ўз ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, оиласи даромадини ошираётган, шу билан бирга бошқалар учун ҳам иш ўринлари яратаётган фуқаролар сафи кенгайиб бормоқда.
Айни пайтда маҳаллада 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳоким ёрдамчиси Эркин Баветдиновнинг маълум қилишича, ҳудуддаги тўртта оила ижтимоий реестрга киритилган. Уларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини шакллантириш мақсадида имтиёзли кредит ҳамда субсидиялар ажратилмоқда.
Темирхоновлар оиласи ана шундай имкониятдан унумли фойдаланган хонадонлардан бири.
Бир вақтлар ишсиз бўлган оила бугун ўз хонадонида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини фаолиятга туширган. Якка тартибдаги тадбиркор Ихлос Темирхоновга банк томонидан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан ишлаб чиқариш учун зарур бино барпо этилиб, замонавий ускуналар харид қилинган.
[gallery-31483]
Ҳозирда цехда аҳоли буюртмалари асосида нон ва нон маҳсулотларининг бир неча тури тайёрланмоқда. Тайёр маҳсулотлар истеъмолчиларга етказиб берилади. Хизматлар қаторида маҳсулотларни манзилга бепул етказиб бериш ҳам йўлга қўйилган.
Оилавий корхонанинг аҳамияти тайёрланаётган маҳсулотлар билан чекланмайди. Энг муҳими, ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши янги иш ўринларини яратиш, маҳалладаги ишсиз фуқароларни меҳнатга жалб этиш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилмоқда.
Бундай ташаббуслар маҳаллада тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА