Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан – она тилим!
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ана шу шиор остида бадиий-адабий кеча ташкил этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ана шу шиор остида бадиий-адабий кеча ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намоёндалари иштирок этди.
Таъкидланганидек, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши тилимизни улуғлаш учун муносиб байрам, катта шодиёна. Шу боис давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
– Она тилига эътибор миллат тақдири, мамлакат келажаги учун ғамхўрлик дегани, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳибаси Зулфия Мўминова. – Шу боис уни асраб-авайлаш, бойитиш, нуфузини янада ошириш масаласига беэътибор қараб бўлмайди.

Мулоқотлар давомида мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда қадимий ва бой ўзбек тилининг қадр-қиммати, нуфузини кучайтириш борасида муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ҳарбий ёшлар ва “Мақом” ансамбли, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри етакчи солисти, “Ниҳол” мукофоти совриндори Саида Мамадилиеванинг мусиқий чиқишларида эса она тилимиз жозибаси, сеҳри яна бир бор намоён бўлди.
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Ахборот хизмати.