Тарғибот тадбирларида янги нормалар мазмуни тушунтирилмоқда
Сиёсий партиялар томонидан Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини ҳамда референдумнинг аҳамиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ҳудудларда, турли соҳа вакиллари иштирокида қатор тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида «Янгиланаётган Конституция — халқ Конституциясидир» мавзусидаги давра суҳбатида янгиланаётган Конституцияга киритилган нормалар, уларнинг жамият ва фуқаролар ҳаётидаги аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбатида партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев сўзга чиқди:
— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизини ташкил этувчи «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган «Инсон-жамият-давлат» деган ёндашув Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдирилган. Конституциявий қонун лойиҳасидаги нормаларнинг салмоқли қисми инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликларига тааллуқли бўлиб, инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури барча соҳаларда биринчи ўринда туриши олий даражада ўз ифодасини топмоқда.
Шунингдек, янгиланаётган Конституцияда халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган янгиланишлар ўз ифодасини топган. Жумладан, парламент палаталарининг ваколатлари ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда, — деди партия етакчиси.
Яна бир тарғибот тадбири Бойсун туманидаги тантаналар уйида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев янги таҳрирдаги Бош қомусимизда акс этаётган атроф-муҳитни муҳофа қилиш масалаларига оид нормалар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани, экологик хавфсизлик ғоят долзарб масалага айлангани ушбу соҳага янада жиддий эътибор қаратишни тақозо этади. Шу маънода Конституция лойиҳасида экс этаётган экологик ҳуқуқ ва соҳага оид бошқа нормалар долзарб аҳамиятга эга.
М.Комилова, ЎзА