Тарғибот тадбирлари самарали бўлмоқда
Бугунги кунда Навоий вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш борасида олиб борилаётган тарғибот тадбирлари ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Азизбек Дўстёров “RAZATA” МЧЖ ва “SVS NAVOIY” хусусий корхонасида бўлиб, корхоналар раҳбарлари билан муқобил энергиядан фойдаланиш, қуёш панеллари ўрнатишда белгиланган имтиёзлар ҳақида суҳбатлашди.


Навоий эркин иқтисодий зонасида ўтказилган тарғибот тадбирларидан сўнг “RAZATA” МЧЖ томонидан 700 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилган эди.

Ушбу замонавий ускунанинг фойдали тарафи шундаки, қуёш нури қайси томонда бўлса, ўша томонга қараб ҳаракатланиб, олинадиган электр энергия самарадорлигини янада оширади.
“RAZATA” МЧЖ гипс ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 470 минг АҚШ долларлик 11 минг 533,5 тонна маҳсулотни Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилган.

Шунингдек, ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида Қизилтепа туманида жойлашган “SVS NAVOIY” хусусий корхонаси томонидан ҳам 11 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Айни пайтда замонавий ускуналардан самарали фойдаланилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири