Тарғибот ишлари янада такомиллашади
Андижонда концепция доирасидаги ишларни мувофиқлаштирувчи вилоят ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида одам иммунитет танқислиги инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича ёшлар фаоллигида олиб бориладиган тизимли тарғибот тадбирлари концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорида ОИВ инфекциясининг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарқалишининг олдини олиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган.

Жумладан, концепцияда аҳоли ўртасида одам иммунитети танқислиги вируси инфекцияси хасталиги келиб чиқишининг олдини олиш бўйича фуқаролар хабардорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, аҳолининг турли қатламлари, хусусан, ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, шунингдек, касалланган беморларнинг яқинлари орасида тушунтириш, тарғибот ишлари қамровини кенгайтириш, аҳоли гавжум бўладиган ҳудудлар – бозорлар, вокзал, аэропорт, истироҳат боғларида олиб борилаётган тарғибот ишларини кучайтириш, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида “Саломатлик волонтёрлари” ҳаракатини шакллантириш каби кўплаб ишларни амалга ошириш қайд этилган.

– Мазкур ҳужжатга асосан, вилоятларда ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилди, – дейди вилоят СПИДга қарши курашиш маркази бош шифокори, ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбари Баҳромжон Қораев. – Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси қарорда белгиланган вазифаларни самарали ташкил этилишига кўмаклашиш ва мувофиқлаштириб боришдан иборат. Андижон вилояти СПИДГА қарши курашиш марказида ўтказилган вилоят ишчи гуруҳининг йиғилишида ишчи гуруҳ раиси иштирокчиларга концепциянинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида тушунтиришлар берди, концепцияда қайд этилган ишларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА