Тараққиётга хизмат қилувчи ташаббуслар
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига навбатдаги ташрифи ва унинг доирасида белгиланган устувор вазифалар ҳудуд тараққиётида янги саҳифа очди. Бу ташриф давомида қабул қилинган қарорлар нафақат вилоятимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, балки аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва инновацион тараққиётни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Айниқса, Тошкент – Самарқанд йўналишида янги пуллик муқобил автомагистраль қурилишига тамал тоши қўйилгани, Нурафшон шаҳрида Келажак технологиялари марказини ташкил этиш, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича берилган топшириқлар мамлакатимизнинг рақобатбардош иқтисодиётини барпо этишга хизмат қилади.
Бу ташаббусларнинг ҳар бири инсон манфаатини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтиришга қаратилган. Айниқса, транспорт инфратузилмасининг такомиллашиши ишлаб чиқариш ва логистика имкониятларини кенгайтиради, рақамли технологияларни жорий этиш эса юқори қўшимча қиймат яратадиган янги иқтисодиётни шакллантиришга асос бўлади.
Президентимиз вилоят фаоллари билан учрашувда Тошкент вилоятини мамлакатнинг транспорт-логистика, саноат, инновация ва рақамли технологиялар марказларидан бирига айлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Бу вазифаларни амалга ошириш давлат органлари, маҳаллий Кенгашлар, сиёсий партиялар ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳатлиги ҳамда масъулиятли ёндашувни талаб этади.
Мазкур мақсадлар O‘zLiDePнинг дастурий ғоялари билан ҳамоҳангдир. Партия томонидан амалга оширилаётган "Халқ билан бирга" умуммиллий дастури ҳам аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шу боис депутатлик назорати орқали ҳар бир лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ва аҳоли манфаатларига хизмат қилиши устидан тизимли мониторинг олиб борилади. Ишончимиз комилки, бошланган йирик инфратузилма ва инновацион лойиҳалар Тошкент вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва минглаб иш ўринларини яратади. Энг муҳими, бу ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворини барпо этишга замин яратади.
Биз O‘zLiDeP жамоаси сифатида Президентимиз белгилаб берган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ҳар бир ташаббуснинг амалий самарасини халқ ҳаётида намоён этиш ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Тўлқинжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси,
ЎзА.