Тақиқловчи қарор керак: Трамп Мелонини нега нишонга олди?
АҚШ Президенти Дональд Трамп Италия Бош вазири Жоржа Мелони билан тушган суратини ижтимоий тармоқда эълон қилиб, “Тақиқловчи суд қарори керак” дея изоҳ қолдирди. Қисқа, аммо ноаниқ бу ёзув Вашингтон ва Рим муносабатидаги навбатдаги таранглик сифатида баҳоланмоқда.
Икки сиёсатчи ўртасидаги зиддият июнь ойи охирида кучайган эди. Ўшанда Трамп “Мелони ўз рейтингини ошириш мақсадида у билан суратга тушишни илтимос қилгани”ни иддао қилган. Италия ҳукумати раҳбари эса бу баёнотни “мантиқсиз деб, ўз обрўси Трамп билан боғлиқ эмаслиги”ни таъкидлаган.
Кузатувчилар фикрича, муносабат совушига Яқин Шарқдаги можаро ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, Рим АҚШ ҳарбий самолётлар Сицилиядаги базалардан фойдаланишига чеклов қўйиши қарама-қаршиликни кучайтирган. Шунингдек, Рим папаси Лео XIV ҳақидаги баҳс ҳам сиёсий тортишувга сабаб бўлган.
Айни пайт ижтимоий тармоқда Мелонини қўллаб-қувватловчи видео лавҳалар кенг тарқалган. Сўнгги сўров унинг “Италия биродарлари” партияси мамлакатдаги энг оммабоп сиёсий куч бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Умуман эса Бош вазирнинг шахсий рейтинги аввалги йилларга нисбатан маълум даражада пасайгани қайд этилмоқда.
Таҳлилчилар Трамп ва Мелони баҳси икки давлат муносабатида туб бурилиш ясамаса-да, Атлантика океани икки томони ҳамкорлиги доирасидаги сиёсий келишмовчиликни яна бир бор намоён қилганига эътибор қаратмоқда. НАТО саммити арафасида юзага келган бу ҳолат халқаро майдонда ҳам жиддий қизиқиш уйғотмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА