Танзила Норбоева: Ўзбекистон инклюзив бошқарувнинг самарали механизмларини кенг жорий этишда халқаро амалий ҳамкорликни кенгайтиради
Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 153-ассамблеяси давом этмоқда. Дунёнинг юздан ортиқ давлатидан парламент раҳбарлари ва вакиллари қатнашаётган нуфузли халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.
Ассамблея доирасида Парламентлараро иттифоқ Бошқарув кенгашининг йиғилиши ҳамда «Инклюзивлик, ишонч ва имкониятлар орқали бошқарувни мустаҳкамлаш ва жамиятни рағбатлантириш» мавзусида умумий мунозаралар бўлиб ўтди.
ПИ Президенти Тулия Эксон, ПИ бош котиби Анда Филип ва бошқалар инклюзив бошқарувни таъминлаш, давлат институтларига ишончни мустаҳкамлаш, тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, замонавий глобал таҳдидларга парламент дипломатияси воситалари орқали ечим топиш муҳимлигини таъкидлади.
Умумий мунозараларда Сенат Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, одамлар ўз ҳаётига дахлдор қарорларни қабул қилиш жараёнида иштирок этиши, энг муҳими, уларнинг амалий натижасини кундалик ҳаётида ҳис қилиши инклюзив бошқарувнинг муҳим мезони эканини таъкидлади. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил ислоҳотларнинг асосий мезонларидан бирига айлангани эътироф этилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида белгиланган. Ислоҳотлар натижасида сўнгги ўн йилда камбағаллик даражаси қарийб 35 фоиздан 3,9 фоизгача пасайди. Бу жараёнда фақат статистик кўрсаткичларни яхшилаш эмас, балки ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш экани маълум қилинди.
Ўзбекистон томони учта амалий йўналишни таклиф қилди. Биринчидан, қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик ва маҳаллий вакиллик органлари билан мулоқотни кучайтириш, фуқаролар билдирган таклифлар қабул қилинаётган қарорларда қай даражада акс этганини кўрсатиб бориш; иккинчидан, бюджет ва давлат дастурларининг турли ҳудудларда яшовчи аҳоли учун тенг имкониятлар яратаётганини тизимли баҳолаш; учинчидан, парламент назоратида фақат сарфланган маблағлар ёки тақдим этилган ҳисоботларга эмас, қабул қилинган қарорлар натижасида одамлар ҳаётида юз бераётган реал ўзгаришларга баҳо бериш зарур.

Мазкур ёндашувларни халқаро майдонда ҳам изчил илгари сурмоқда. Жорий йил июль ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан парламентларнинг ижтимоий ривожланишдаги ролини кучайтиришга қаратилган резолюция қабул қилингани бунинг яққол ифодасидир.
Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ майдонида ҳам ушбу мақсадларга эришиш, инклюзив бошқарувнинг самарали механизмларини кенг жорий этиш ва миллий тажрибалар алмашинувини рағбатлантириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги айтиб ўтилди.
Эстония, Танзания, Кения, Ўмон, Нигерия ва бошқа давлатлар парламентлари вакиллари тинчлик ва барқарорликни таъминлаш орқали жамиятда ишонч ва тенг имкониятларни қарор топтириш мумкинлигини таъкидлади.
Мунозараларда геосиёсий кескинлик ва қуролли можаролар кучайиб бораётган шароитда халқаро хавфсизлик ва давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Танзания, Аруша шаҳри