Танзила Норбоева: Хотин-қизларга фақат моддий ёрдам бериш эмас, балки уларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш керак
Пойтахтимизда Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган Республика комиссиясининг видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи доирасида хотин-қизларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар кўламини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, лойиҳаларни молиялаштириш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилиши таъкидланди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева хотин-қизларга фақат моддий ёрдам бериш эмас, балки уларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш, доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш асосий мақсад этиб белгиланганини қайд этди.
Ёрдам турлари 23 тадан 46 тага оширилгани, тиббий, психологик, ҳуқуқий, уй-жой ва бандлик билан боғлиқ масалалар комплекс тарзда қамраб олинаётгани таъкидланди.

Янги тартиб билан уй-жой, тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилди. Тоифалар сони 6 тадан 5 тага қисқартирилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар учун ёрдам турлари эса 4 тадан 14 тага етказилди.
Тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож ҳамда “Ижтимоий реестр”га киритилган хотин-қизларга давлат томонидан манзилли кўмак кўрсатилмоқда. Улар тиббий ордер асосида давлат ҳисобидан даволаниш имкониятига эга бўлади. Жарроҳлик амалиётисиз даволаниш учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан 20,6 миллион сўмгача маблағ ажратилади.
Агар жарроҳлик амалиёти талаб этилса, харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан белгиланган тартибда тўлиқ қоплаб берилиши маълум қилинди.

Йиғилишда айрим ҳудудларда муаммолар сақланиб қолаётгани танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, хатловларни юзаки ўтказиш, аслида доимий даромадга эга бўлмаган хотин-қизларни қоғозда иш билан таъминланган қилиб кўрсатиш каби ҳолатларга йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди.
Шу билан бирга, “Аёллар дафтари”га киритиш жараёнида адолат ва шаффофликни таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш муҳим экани қайд этилди.
Йиғилишда маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳудудлардаги вазиятни бевосита ўрганиб, ижрони қатъий назоратга олиши лозимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА