Танқиддан тўғри хулоса чиқарилди
Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоевнинг ташаббуси билан вилоят ҳудудлари, жумладан, Дўстлик туманининг ҳам ижтимоий-иқтисоий ҳолати ўрганилганида туманда бир қатор камчилик ва муаммолар борлиги аниқланган, мутасадди раҳбарлар жиддий танқид қилиниб, масъулларга бу борада аниқ топшириқлар берилган эди.
Хўш, Дўстлик тумани мутасаддилари танқиддан қанчалик тўғри хулоса чиқарди?
Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмаси жамоаси бу ердаги иситиш қозонхонаси атрофини анча тартибга келтирибди, кўмирдан ҳосил бўлган куллар тозаланиб, захира кўмирлар сифатини йўқотмаслиги учун белгиланган жойда сақланаяпти. Бирлашманинг терапия бўлими ошхонасидаги камчиликлар ҳам бартараф этилиб, шунингдек, таъминотчи томонидан муассасага етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш омборхонаси тўлиқ тартибга келтирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Туманнинг “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган 120 ўринли мактабгача таълим ташкилотининг ҳудуди қурилиш ташкилоти томонидан ўраб олинибди.
“Дўстлик деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудидаги автотураргоҳга шағал тўшалиб, текислангани аҳоли учун ҳам, транспорт воситалари ҳайдовчилари учун ҳам қулайлик яратибди.

Аҳоли томонидан эътирозларга сабаб бўлган чиқиндихона эса тартибга келтирилган ва атрофига шағал тўшалиб, текисланибди.
Шунингдек, танқидда қайд этилган “Чинобод” МФЙга қарашли Ҳамза кўчасига ҳам қум-шағал аралашмаси тўшалган.


Танқиддан тўғри хулоса чиқарилиб, юзага келган камчиликларни бартараф этиш яхши, албатта. Лекин вилоят раҳбари ҳар бир ҳудудга кириб, у ердаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳар бир мутасадди раҳбарни огоҳлантириши, топшириқлар бериши шартми? Наҳотки, шу ишни “маҳалла еттилиги”, тумандаги мутасадди ташкилот, секторлар ёки туман раҳбарлари амалга ошира олмаса?
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари