Танқид жараёнида муаммо бартараф этилди
Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар Отчопар маҳалласи фуқаролари номидан мурожаат келиб тушди. Унда таъкидланишича, ҳудудда жойлашган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг канализация қувуридан оқиб чиқадиган оқова сувлар маҳалла бошланишидаги кўча бўйлаб оқизилади ва ундан тарқалаётган бадбўй ҳид аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда.
Муаммони ўрганиш мақсадида мурожаатда кўрсатилган манзилга етиб бордик. Йўл-йўлакай “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти масъулларига ҳам хабар бердик. Борганимизда ишчилар оқова сув оқизилган ариқларни кўмаётган экан. Ҳақиқатда ён-атрофни таъбни хира қиладиган бадбўй ҳид қоплаган.

Дастлаб мурожаатчиларнинг фикрини тингладик.
– Икки ойдан буён аҳвол шундай. Мурожаат қилмаган ташкилот қолмади, аммо натижа йўқ, – дейди шу ерлик Раҳмат Ёмғирчиев. – Болалар шифохонасидан чиқаётган чиқиндиларни шу ерга оқизиб қўйишган. Аҳолига жуда ноқулайлик туғдиряпти. Ҳидига чидаб бўлмайди. Ҳозир қиш унча билинмайди, аммо кунлар исиб кетиши билан ҳидига туриб бўлмайди. Фарзандларимиз ўтади бу ердан. Маҳаллага кириб чиқадиган асосий йўллардан бири саналади. Ҳар куни шу ердан қатнаймиз. Ҳеч ким мурожаатимизни қабул қилмайди. Маҳалла раиси гапимизни эшитмайди. Кимдир эътибор қилиши керакку ахир. Ёнида мини стадион бор. Болалар ўйнолмайди. Эрталаб ва тушдан кейин икки марта оқова сувни шлангда оқизишади. Ариқлар тўлиб кетади. Сабабини сўрасак, мотор куйган дейишади. Шунча кундан буён наҳотки бир моторни тузатиб бўлмаса.

Ўрганишларимиз давомида аниқландики, оқова сувлар оқизиб қўйилган жойда “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятига қарашли насос станцияси бор. Ушбу станция шифохона канализациясидан келган оқова сувни марказий канализация қувурига ҳайдаб беради. Станция ишчиларининг таъкидлашича, оқова сув бор йўғи икки-уч кун ерга оқизилган. Юзага келган муаммо юзасидан “Қашқадарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти масъулларидан изоҳ сўрадик.

– Аҳоли томонидан билдирилаётган эътироз ҳақиқат. Боиси аномал совуқ пайтида насос станциямиз уланган трансформатор куйиб қолди, – дейди “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ Қарши шаҳар филиали бош машинисти Ўктам Омонов. – Шу боис уни тузатгунимизча, бир неча кун вақт ўтди. Бу пайт оралиғида тўпланган оқова сувни ташқарига оқизишга мажбур бўлдик. Чунки уни чиқариб ташламасак, ҳовуз тўлиб кетади ва насослар ҳам бузилади. Лекин икки ой дейилгани ёлғон, 3-4 кун шу ҳолат бўлди. Мана бугун трансформаторни тузатиб, муаммони бартараф этдик. Энди ташқарига чиқмайди.

– Хўш, трансформатор куйган экан, оқова сувни ерга оқизмасдан махсус техникаларда сўриб олиб кетишни имкони йўқмиди, сўраймиз масъулдан.
– Йўқ ҳовуз 10 метр чуқурликда жойлашгани боис, уни техникада сўриб олишни имкони бўлмади. Ҳозир ҳаммаси жойига тушди, муаммо йўқ.

Аҳоли вакиллари икки ойдан буён аҳвол шу дейди. Масъуллар эса 3-4 кун бўлди, дейишмоқда. Майли, у ёғи бизга қоронғи, аммо муаммонинг борлиги рост. Станция атрофидаги чидаб бўлмас бадбўй ҳид, ариқ ва ботқоққа айланаёзган ер майдонининг ҳолати бунга гувоҳлик бериб турибди. Энг ёмони муаммонинг олди олинмаса, бир кун келиб у ердаги антисанитария ҳолатидан юзага келадиган эпидемия инсон соғлиги учун хавф туғдириши тайин. Лекин муҳими муаммонинг ечилиши. Масъуллар барака топишсин биз борган заҳотиёқ насослар ва трансформаторнинг созланганини айтишди. Ишонмасдан текшириб кўрдик. Ҳаммаси жойида, ишлаяпти. Ташқарига сув чиқмади. Ё масъуллар жуда тез ишлашди, ё биз кеч бордик. Очиғи, муаммо бу қадар тез ечилганидан биз ҳам, мурожаатчилар ҳам ҳайратда қолдик. Нима бўлганда ҳам муаммога ечим топилди. Муҳими шу.

Ўйлаймизки, канализация сувлари энди ташқарига чиқмайди. Ҳар ҳолда масъуллар шунга ваъда берди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.