Танлов: “Ёш мусаввир қизлар”
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Ёш мусаввир қизлар” кўргазма танлови бўлиб ўтди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, тасвирий санъат йўналишидаги ёш ижодкор қизларни рағбатлантириш, уларнинг изланиши, ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишдан иборат.
Кўргазмали танловга ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларидан 42 нафар исътедодли қиз 110 та рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик санъати намунасидаги асарлари билан иштирок этди. Мияссар Худайбергенова, София Лим, Зарафшон Оразимова, Сарбиноз Женисбоева, Меҳрибон Бердимуратованинг ижодий ишларида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган хотин-қизлар, ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлган мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз образи акс эттирилган.
Тадбирда Хўжайли туманидаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Севара Камалова биринчи, Нукус ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Феруза Жуманиязова иккинчи, Нукус шаҳридаги Есжон бахши номидаги болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Гулноз Жоллибаева учинчи ўринларни эгаллади.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-6023]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА