Танлов: “Қизлар одоби тарғиботчиси”
Гулистон шаҳрида ушбу танловнинг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танлов Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳомийлигида ташкил этилди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад, қизларни одоб-ахлоқ қоидалари руҳида тарбиялаш, ёш иқтидорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қобилиятларини рўёбга чиқариш, ҳунар ўргатиш, бандлигини таъминлаш каби эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи, фаол хотин-қизларнинг ижобий тажрибаларини оммалаштириш ва уларни муносиб тақдирлаш, рағбатлантиришдан иборат.
Мазкур танловнинг вилоят босиқичида 8 туман ва 3 та шаҳар босқичида қизлар ўртасида одоб-ахлоқ, тарбия, маънавият, соғлом турмуш тарзи маданиятини тарғиб этишдаги фаоллиги билан ғолибликни қўлга киритган 11 нафар хотин-қиз ўзаро баҳс олиб борди.

– Айни пайтда вилоятимиздаги 426 минг 600 нафар хотин-қизнинг 192 минг 200 нафари иқтисодий фаол аёллар ҳисобланиб, бошқарув органлари, корхона ва ташкилотларда 493 нафар раҳбар аёл фаолият кўрсатиб келмоқда. – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Наргиза Тожибоева. – Бу хотин-қизларимизнинг 272 нафари таълим соҳасида, 58 нафари тиббиёт, 60 нафари ишлаб чиқариш, 3 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, 29 нафари қишлоқ хўжалигида, 72 нафари савдо, 8 нафари санъат ва маданият соҳасида ва яна кўплаб аёлларимиз бошқа соҳаларда фаолият олиб бормоқда.
Мазкур танлов орқали хотин-қизларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши кўп жиҳатдан олган тарбияси ва одоб ахлоқига боғлиқ эканини тарғиб этиш асосий мақсад эди.
“Қизлар одоби тарғиботси” танловининг вилоят босичи иштирокчилари иккита шарт бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Танловнинг 1-шартида иштирокчилар қизлар учун маънавий-маърифий ишлар тақдимотини ўтказган бўлса, 2-шартда иштирокчи аёллар томонидан танланган эркин мавзуда уларнинг билимлари синовдан ўтказилди. Бунда қизларнинг кундалик ҳаётида асқотадиган фойдали, қизиқарли ва долзарб маълумотлар қамраб олиниши, бугунги ҳаётимиз ва турмуш тарзимиз билан ўзаро уйғунликда бўлиши, қизларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини ривожлантириш, маданиятини ошириш ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилиши, тарғибот материали буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир меъроси, ҳаёти, ибратли воқеалар ва қизиқарли ҳикоялар орқали ёритиб берилди.
Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг мамлакатимиз ва жаҳон ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг сўнгги маълумотлардан оқилона фойдалана олиш маҳоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Танловда Ширин шаҳридан иштирок этган Шодия Исроилова I ўринни қўлга киритди. Оқолтин туманидан Гулжаҳон Байдуллаева II ва Сайхунобод туманидан Назира Ривочева III ўринни эгаллади.
Шунингдек, қолган 8 нафар иштирокчи турли номинациялар соҳибалари бўлди. Иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА