Танлов: иқтидорли ижодкорлар сараланди
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди маблағлари эвазига “Buxoro yoshlari” газетаси таҳририяти томонидан “Соғлом ҳаёт – бахтли келажак!” номли лойиҳа доирасида ўтказиб келинаётган тадбир ва танловлар ёшларни бирлаштирмоқда.
Эълон қилинган “Матонат ва ибрат”, “Зийнат”, “Сув – ҳаёт манбаи” мавзулардаги видеоролик, кўрсатув ҳамда мақолалар танлови ғолиблари муносиб тақдирланди.

– Танлов жуда кенг қамровли бўлди, – дейди лойиҳа раҳбари Лайло Ҳайитова. – Иқтидорлилар сараланди, бироқ, танловнинг мақолалар йўналиши бўйича келган кўплаб материаллар мақола жанридан йироқ. Кўплаб жўнатмалар иншо ва илмий мақола шаклида, матнларда ижтимоий тармоқлардан “нусха олиш” усулидан фойдаланилган. Улар орасида “Мен ғолиб бўлсам бораман, фаол иштирокчи ёки номинация қатнашчиси сифатида тилга олинадиган бўлсам, тақдирлаш маросимига бормайман” деганларнинг ҳам борлиги ачинарли. Шунга қарамасдан, мақолалар танловининг бир нечта иштирокчилари таҳририятга таклиф этилди ва уларга касбий маслаҳатлар берилди. Зеро, танловни ўтказишдан мақсад фақат ғолибларни аниқлаш эмас, балки соҳага қизиқиши бор ёшларни ижодий йўлга сафарбар қилишдан иборатдир.

– “Buxoro yoshlari” газетаси томонидан эълон қилинган ушбу танлов, нафақат, биз журналистларни, балки соҳага эндигина кириб келаётган ёшлар учун ҳам катта мактаб бўла олди, – дейди Меҳринисо Муродова. –Меҳнатларимиз муносиб рағбатлантирилди. Ҳар қандай ёш ижодкорни қўллаб-қувватлаб келаётган таҳририят фаолиятига омад тилаймиз.
Танловнинг ғолиб ва фаол иштирокчилари грант маблағлари ҳисобидан ажратилган совға ҳамда диплом билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.