Танк ўрнига робот: Киевда янги уруш қиёфаси
Украина мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Киевда одатдагидан бутунлай фарқли ҳарбий намойиш ўтказилди. Грешатик кўчасидан танк ёки оғир техника эмас, жанговар роботлар ўтди. Днепрда денгиз дрони ҳаракатланди, пойтахт узра турли вазифага мўлжалланган учувчисиз қурилмалар парвоз қилди. Қарийб 100 қурилма – қуруқлик роботи, денгиз дрони, разведка ва зарба бериш воситалари иштирок этди.
Карвон таркибидаги “Рись Прo” ва “TerMIT” қуруқлик роботлари жанг олиб боради, разведка қилади, юк ташийди ва ярадорни хавфли ҳудуддан олиб чиқади. “Магура” ва “Sea Baby” туркумли учувчисиз учоғи эса сўнгги йилларда сувдаги ҳарбий ҳаракат усулини сезиларли даражада ўзгартирди.
Дронлар билан бирга ҳаводаги нишонни уриб туширувчи қурилмалар ҳам кўрсатилди. Бундай технология аскарларни хавфли ҳудудга юбориш заруратини камайтиради, аслаҳани узоқроқ масофага етказиш имконини беради. Дарвоқе, 2024 йил мамлакатда дрондан фойдаланишга ихтисослашган Бошқарувсиз тизимлар қўшини алоҳида ҳарбий тузилма сифатида ташкил этилган.
Киевдаги намойиш замонавий жанг майдонида инсон билан бирга робот ва дрон ҳам тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатди. Қуруқлик, сув ва ҳавода ҳаракатланадиган бундай мосламалар энди тажриба воситаси эмас, балки ҳарбий амалиётнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА