Таъминот барқарорлиги йўлида
Миллий матбуот марказида “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий тармоқлари, аҳолини қаттиқ ёқилғи билан барқарор таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий тармоқлари, аҳолини қаттиқ ёқилғи билан барқарор таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Н.Умаров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар самарасида саноат корхоналари, ижтимоий объектлар ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ўз вақтида, сифатли қондирилаётганини таъкидлади.
Жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларга 2,7 миллион тонна, жумладан, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига 2,2 миллион, бюджет ташкилотларига 246,5 минг, аҳолига 167 минг тонна қаттиқ ёқилғи етказиб берилган. 68,8 минг тонна кўмир биржа савдолари орқали сотилган.
Аҳоли ва бюджет ташкилотларига маҳсулотни етказиб беришда жойларда ташкил этилган 14 ҳудудий дистрибьюторлик маркази ва уларнинг жойлардаги 72 филиали муҳим ўрин тутмоқда. 2015 йилнинг январь-август ойларида марказлар орқали 310 минг тонна кўмир сотилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июлдаги Республика иқтисодиёти ва ижтимоий тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш комплекс чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ жамият томонидан бюджет ташкилотларига 373 минг, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига 3 миллион 54 тонна, аҳолига 847 минг тонна кўмир етказиб берилиши кўзда тутилган.
Мавсум даврида маҳсулот етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида ҳудудий дистрибьюторлик марказлари ва уларнинг филиалларида байрам ва дам олиш кунларида ҳам хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги “Республикада кўмир брикетлари ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори истеъмолчиларни сифатли кўмир маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида йилига 240 минг тонна кўмир брикети ишлаб чиқариш қувватига эга 31 фабрика ташкил этилди.
Фойдаланишда қулай ва ихчам кўмир брикетларини ишлаб чиқариш бўйича ўтган даврда 27 корхона билан 175,7 минг тонна хомашё етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган бўлса, ҳудудий дистрибьюторлик марказлари ва уларнинг филиаллари томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган тайёр маҳсулот ҳажми 28,5 минг тоннани ташкил этди.
Истеъмолчиларга кўмир етказиб бериш жараёнини янада яхшилаш мақсадида кўмир олувчиларнинг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.