Талон-торожликлар нега давом этмоқда?
Бунинг учун шу жамиятда яшаётган ҳар бир киши адолат тарафида туриши керак.
Ёки жавобгарлик чоралари енгиллашиб кетдими?
Жамиятда адолат бўлишини, ноқонуний ҳолатлар барҳам топишини ҳамма бирдек ёқлайди. Ҳеч ким адолатсизликка дуч келишни асло истамайди.
Бунинг учун шу жамиятда яшаётган ҳар бир киши адолат тарафида туриши керак. Аммо манфаатга келганда бундан кўз юмиб юбориш, афсуски, ҳамон мавжуд.
Хизмат вазифасини бажараётганда ундан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган, турли талон-торожликлари учун жиноий жавобгарликка тортилаётганлар кам эмас.
Бош прокуратура маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида 327 жиноят иши бўйича 459 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Бу жиноятчиларнинг 4 нафари республика, 13 нафари вилоят ва 442 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 180 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 92 нафари фирибгарлик, 57 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 16 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 10 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 8 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 7 нафари мансаб сохтакорлиги ва 89 нафари бошқа жиноятларни содир этган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 172,2 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 114,2 миллиард сўми ундирилган.
Бу рақамлар ортида қилмишининг жабрини чекаётган, мансабини суиистеъмол қилгани учун жамиятда тутган ўрни, мавқеидан ажралгани етмагандай, бутун оиласи, яқинларига иснод келтирганларнинг пушаймонлиги тургани кундай равшан.
Аммо булар айримлар учун хулоса чиқаришга ҳамон етарли бўлаётгани йўқ. Чунки мансаб мавқеидан фойдаланиб талон-торожликларга йўқ қўяётганлар ҳар куни фош бўлишда давом этмоқда.
Чилонзор туманида ишсизларга тўланиши лозим бўлган 36,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.
«К.Х» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Р. туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори А.Р. билан олдиндан тил бириктириб, марказга иш сўраб мурожаат қилмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 нафар фуқарони жамоат ишларига жалб этилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузган. Шу орқали жами 36,2 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Чилонзор тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
Департаментнинг Учқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса Наманган вилояти ҳокимлигининг Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси техник назоратчиси Н.М. «Н.Б.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари М.И. билан ўзаро тил бириктириб, тумандаги 41-сонли мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 173,2 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, юқоридаги ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Кўриниб турибдики, халқ мулки бўлган бюджет маблағларини талон-қилишни энг қуйи бўғиндаги масъул шахслар ҳам осонгина амалга оширмоқда. Бу эса уларнинг жиноий жавобгарликдан қўрқмаётганини кўрсатади.
Ушбу мавзудаги чиқишларимиз бўйича ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фикр билдирганда, коррупциявий ҳолатлар бўйича жавобгарликни кучайтириш таклифини билдиришади. Ҳақиқитан, жавобгарлик шундай бўлиши керакки, токи қилмиш содир этаётган шахс бунинг оқибатидан қўрқиши керак. Шундай бўлмас экан, у бундан ҳеч қачон ўзини тия олмайди.