Таълим-тарбия муассасалари фаолияти ўрганилди
Бугунги кунда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, ёш авлод камолоти учун муносиб шароитлар яратишга муҳим масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Соҳадаги ишлар, таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилди.
Депутат Муҳаммаджон Валиев Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишиб, ўқувчилар учун яратилган шароитларни ўрганди.
Мазкур мактаб учун 9,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 840 ўринли янги бино қурилди ва фойдаланишга топширилди. Бу ҳудудда таълим инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчиларнинг замонавий шароитларда билим олиши ва педагогларнинг самарали фаолият юритиши учун имкониятларни кенгайтиради.
Янги мактаб биносида инклюзив таълимни ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, махсус хоналар ташкил этилиб, лифтлар ўрнатилган. Бу алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиши учун қулай муҳит яратиш, уларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади.
Депутат Наврўзбек Юсупов Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, муассасадаги мавжуд шарт-шароитлар, инфратузилма ҳолати ҳамда ечимини кутаётган муаммоларни ўрганди.
1978 йилда қурилган, 640 нафар ўқувчига мўлжалланган мазкур мактабда айни пайтда 743 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўрганиш давомида мактаб биносининг ташқи ва ички қисмлари, томи, ўқув хоналари ҳамда спорт зали таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани аниқланди. Мактаб директори маълумотига кўра, бинонинг ташқи қисми сўнгги бор 2006 йилда бўялган.

Шунингдек, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш, мактаб ҳудудини ободонлаштириш ва муҳофаза чораларини кучайтириш мақсадида мазкур қисмни махсус девор билан ўраш зарурлиги таъкидланди. Мактаб маъмурияти томонидан бино ва иншоотларни таъмирлаш, том қисмини тартибга келтириш, ўқув хоналари ва спорт залини таъмирлаш, шунингдек, ҳудудни ўраб турувчи девор қуриш ишларида амалий ёрдам кўрсатиш сўралди.
Мавжуд муаммоларни белгиланган тартибда ҳал этиш, уларни масъул ташкилотларга йўналтириш ва зарур таъмирлаш ишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қарши шаҳридаги 17-сонли мактабгача таълим муассасасида ўрганишлар олиб борган депутат Ноиба Иноятова муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди. 390 ўринли муассаса биносининг мавсумга тайёргарлиги, мавжуд шароитлар ҳамда таълим-тарбия жараёни учун яратилган имкониятларга эътибор қаратилди. Шунингдек, муассасанинг ошхона фаолияти, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши ва санитария-гигиена ҳолати ўрганилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш тавсия қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА