Таълим соҳасига ўтган йилликка нисбатан 5,6 триллион сўм кўп маблағ ажратилган
Парламент қуйи палатаси мажлисида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокама қилинар экан, иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтириш, барқарор даромад манбаларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартириш борасида ҳамда таълим соҳасида олиб борилаётган тизимли ва изчил ислоҳотлар ва уларнинг самараси хусусида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, ижтимоий соҳа харажатлари 8,7 фоизга ўсиб, жами харажатларнинг 51,5 фоизини ташкил этган. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш борасидаги дастурлар ва лойиҳалар тўлиқ молиялаштирилмоқда.
Бунда таълим соҳасига 49,5 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 триллион сўм кўп маблағ ажратилди. Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларига 2 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилди. Натижада 815 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, уларда қарийб 42 мингдан ортиқ янги ўрин яратилди. Шунингдек, 150 та мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 406 миллиард доллар ажратилди. Ҳисобот даврида республика бўйича 3-6 ёшдаги болаларнинг 78,4 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди.
Умумий ўрта таълимга 34 триллион сўмдан ортиқ ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 триллион сўм кўпроқ маблағ ажратилди. Шундан соҳани ривожлантириш дастурлари учун 433 миллиард сўм йўналтирилди. Янги мактаблар қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бундан ташқари, соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш борасида яратилган шарт-шароитлар натижасида хусусий мактаблар сони мамлакатимиз бўйича 551 тага етди.
Ҳисобот даврида давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойлари сони 386 тага, уларнинг сиғими 156 мингдан ошиб, ётоқхонага эҳтиёжи мавжуд талабаларнинг 57 фоизи қамраб олинди. Талабалар турар жойларини барпо этиш, хусусий шерикларни қўллаб-қувватлаш ва ижара харажатларини қоплаш учун 382 миллиард сўм ажратилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА