Таълим, ижод ва инновация бир нуқтада жам бўлди
Чирчиқ давлат педагогика университетида Санъатшунослик факультетининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юрти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар қатнашди. Унда мазкур бинода яратилган шароитлар, ҳар бир кафедралар томонидан тайёрланган тақдимотлар билан танишилди.

Маълумки, Президентимиз 1 июнь куни маданият ва санъат ходимлари билан соҳани янада ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган учрашув ўтказди. Унда ёш истеъдодлар ва уларнинг устозларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам муҳим чоралар белгиланди. Маданият ва санъат йўналишидаги олий ўқув юртларида “дуал таълим” йўлга қўйилади. Ҳар бир талабага таниқли ижодкорлар бириктирилиб, улар ёшларни концерт, театр ва томошаларда иштирок эттириш орқали катта саҳнага тайёрлайди. Таълим дастурларига “Арт-менежмент”, “Креатив индустрия”, “Лойиҳаларни тижоратлаштириш” каби замонавий мавзулар киритилади.

– Мазкур ташаббусларга қисман бўлса ҳам жавобан Чирчиқ давлат педагогика университети Санъатшунослик факультети биноси замонавий жиҳозланди, – дейди Чирчиқ давлат педагогика университети ректори Ғофуржон Муҳамедов. – Бинонинг ҳар бир қавати деворларида санъатшунослик таълимида инновацион муҳит шакллантирилди. Янги таълим технологиялари, ўқув дастурлари, дарс жараёнида талаба ва педагогларга керак бўладиган рақамлаштириш ва сунъий интеллект воситалари асосидаги лойиҳалар жамланган. Муҳими, мазкур бинога кирган инсон зерикмайди. Бу саъй-ҳаракатларимиз туфайли эндиликда талаба бу даргоҳда ўз олдига нима мақсад қўйган бўлса эришиши керак. Бу орқали ўқитувчиларимизнинг ҳам тажрибаси ошиб боради.

2021 йилдан буён фаолият кўрсатаётган мазкур факультетнинг асосий мақсади — тасвирий санъат, дизайн, муҳандислик ва компьютер графикаси, мусиқа таълими йўналишларида бозор иқтисодиёти ҳамда замон талабларига мос, креатив фикрлайдиган, халқаро миқёсда рақобатбардош ижодкор-педагог кадрлар тайёрлашдан иборат.

Университетда Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқа таълими, тасвирий санъат таълим йўналишлари бор. Шу билан бирга, битирувчи талабалар магистратура мутахассисликлари бўйича ҳам ўқиши мумкин.
Тадбир давомида иштирокчилар ҳар бир тақдимот бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА