Таълим истиқболига ишонч ортди
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасини фахрланиб, катта қизиқиш билан тингладим.
Маълумки, ўзгаришлар даврида таълим тизими, ижтимоий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда, шиддат билан ривожланишни тақазо этади. Зеро, таълим орқали жамиятда келажакдаги вазифаларни бажаришга қодир бўлган янги авлод шакллантирилади.
Президентимиз томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши замирида айнан шу каби масалалар ётибди. “Агар таълим бўлса, билим бўлса, сифат ўзгаради. Таълим бўлмаса, сифат ўзгармаса, эътибор ҳам ўзгармайди”. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Юсуф Хос Ҳожибнинг таъбири билан айтгандек, “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади“. Шунинг учун ушбу соҳада бошланган ислоҳотлар давом эттирилади.
Ўзбекистонда бадиий таълим соҳасида мутахассис кадрларни етиштириб чиқарадиган Камолиддин Беҳзод Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам 2021-2022 йилларда илмий-ижодий ва инновацион ғояларни қўллаган ҳолда кўплаб янги лойиҳалар яратилмоқда.
Жумладан, жорий йилда институтда 3 та инновацион аҳамиятга эга бўлган амалий грант лойиҳаси якунига етказилди. Ўзбек миллий этномаданий тантанавор либосларининг мобил иловасини яратиш бўйича илмий тадқиқотда этномаданий, тарихий либосларимиз ҳақида фақат китобларда, илмий тадқиқотларда чекланиб қолмасдан, масалага инновацион ёндашган ҳолда тарғиб этиш, бу орқали ёш авлодга ўзлигимизни чуқур сингдириш, бадиий-эстетик дидини тарбиялаш, юксалтириш – бош мақсад сифатида белгиланиб олинди. Ўзбек миллий этномаданий либослари тарихи ва санъатини кенг тарғиб этиш ҳамда хорижга танитиш мақсадида мобил илова “Google Play Market” ва “App Store” иловалар дўконида йўлга қўйилди.
Мобил иловада жой оладиган ўзбек этномаданий тантанавор либосларга оид маълумотлардан тадқиқотчи мутахассислар ўз илмий фаолиятларида фойдаланишлари мумкин. Таъкидлаш керакки, этномаданий либос халқларнинг миллий ўзлигини, этник белгиларини кўрсатувчи мезон, нафақат урф-одат, миллий қадрият, ижтимоий муносабатларини, балки диний эътиқоди, нафосат ва эстетик нормаларини ифодаловчи моддий-маънавий ёдгорлик саналади.
Илмий инновацион лойиҳалар музейлар билан институт ўртасидаги ўзаро интеграцияни кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги ноёб экспонатларнинг 3D анимацияли виртуал галереясини яратиш номли амалий лойиҳада Ўзбекистон тарихи давлат музейида археология, нумизматика, этнография, бадиий асарлар ва бошқа фондларга оид 340 мингдан ортиқ сақланиб келинаётган осори атиқаларнинг 3D анимацияли виртуал галереяси яратилди.
Ўзбекистон бадиий таълим тизимида онлайн музей электрон галереясини яратиш амалий лойиҳасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти базасидаги мавжуд 600 га яқин ижодий ишларнинг электрон илмий паспорти тасвирлари ўзбек, рус, инглиз тилларида ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ХХ аср Ўзбекистон бадиий таълимининг бошланғич, ўрта махсус ва олий таълим тарихини ўрганиш бўйича фактологик маълумотлар уч тилда онлайн музей сайтига жойлаштирилди. Бу бадиий таълим ривожидаги умумий қонуниятларни ижодий ишлар тасвири интеграцияси асосида янгиланган нуқтаи назардан кўриб чиқишга имконият беради. Тарихий жараёнларни ўрганиш асосида бадиий таълим ривожининг асосий босқичларига мансуб кам ўрганилган ёки авваллари номаълум бўлган манбалар илк маротаба таҳлил этилган ва шаклланиши, тамойиллари, хусусиятлари ёритилган.
2023 йилда илм-фанга берилган юксак эътибордан илҳомланган Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти илмий жамоаси ҳам ўз олдига катта марраларга эришишни мақсад қилиб қўйган. Бу борада Мурожаатномадаги фикрлар менга жуда катта мотивация берди.
“Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани. Келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади. Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур”, деди давлатимиз раҳбари.
Ишончим комилки, бу борада бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилади ва ёшларни юртга, Ватанга, халқимизга садоқат руҳида ўстириш, буюк аждодларимизга муносиб таълим-тарбия бериш масаласи ҳар доим энг устувор вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Бундай эзгу ҳаракатлар рўёбини таъминлашда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.
Дилафрўз ҚУРБОНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва
дизайн институти проректори,
тарих фанлари доктори
ЎзА