Талабанинг фикри қай даражада тингланмоқда?
Юртимизда янги ўқув йили бошланиб, минглаб талаба-ёшларимиз олий таълим даргоҳларида катта умид ва ишонч билан ўқишни бошлаб юборишди. Бугунги кунда талабалар билан ишлаш, уларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглаш ва ҳал қилиш, уларни янги ғоялар сари руҳлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида олий таълим тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази директори Абдумалик Акрамов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
— Олий таълим ташкилоти билим бериш билан бирга, шахсни ривожлантириш, касбий компетенцияларни шакллантириш, ижтимоий фаолликни ошириш, мустақил ва танқидий фикрлашни ривожлантиришга хизмат қиладиган яхлит академик ва ижтимоий муҳит. Бугун университетни фақат аудиториялар, маърузалар ва имтиҳонлар мажмуи сифатида тасаввур қилиш тобора тор ёндашувга айланмоқда. Шу маънода бугун талабанинг овози таълим сифатини белгилай оладими, унинг фикри олий таълим ташкилотидаги бошқарув қарорларига қанчалик таъсир кўрсатади, талаба билдирган муаммо ёки ташаббус амалий натижага айланяптими, каби саволлар замонавий олий таълим олдида турган энг муҳим масалалардан биридир.
Бу борада жорий йилда таълим ташкилотлари раҳбарияти ва талабалар ўртасидаги ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадида 4,5 мингдан ортиқ учрашув ўтказилди. Талабаларнинг бўш вақтини намунали ўтказиш мақсадида 2,4 мингдан зиёд спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларда 300 мингдан ортиқ талаба-ёшлар қамраб олинди. Бу рақамлар олий таълим тизимида бевосита мулоқот механизми кенг ва мунтазам тус олаётганидан далолат беради. Қолаверса, олий таълимда янги мулоқот, ҳамкорлик ва ижтимоий фаоллик муҳити мужассам.
Хўш, бу жараёнларнинг асл самараси нимада? Талабанинг фикри қай даражада тингланмоқда?
Бугун олий таълим сифати фақат ўқув машғулотларининг мазмуни ёки академик натижалар билангина эмас, балки талаба учун яратилган ижтимоий-маънавий муҳит, самарали қайта алоқа, психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш, ташаббусларни рағбатлантириш ва муаммоларни манзилли ҳал этиш механизмларининг қай даражада ишлаётгани билан ҳам белгиланади. Ана шу ёндашувни амалиётга татбиқ этишда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги “Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қарорда талабалар билан ишлаш, олийгоҳларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит яратиш, ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Шу асосда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабалар ўртасида сўровномалар ўтказилди ва унинг натижалари таҳлил қилиниб, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Энг муҳими, бу дастур амалда бажарилди.
Бугунги тажриба битта муҳим ҳақиқатни кўрсатмоқда — талабани тинглаш мақсаднинг ўзи эмас, балки муаммони аниқлаш ва уни амалий ҳал этишнинг бошланғич нуқтаси. Тингланган фикр муаммога, аниқланган муаммо эса амалий ечимга айлангандагина ҳақиқий натижа юзага келади.
Ана шу ёндашув асосида амалга оширилган ишларни етти асосий йўналишда кўриш мумкин.
Раҳбар ва ёшлар ўртасидаги мулоқот – саволдан ечим сари. Соғлом ижтимоий-маънавий муҳит, аввало, раҳбарият ва талабалар ўртасидаги очиқ мулоқотдан бошланади. Шу мақсадда олий таълим ташкилотларида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”, “Академик ва ёшлар учрашуви” каби тадбирлар йўлга қўйилди. Мазкур учрашувларнинг асосий мазмуни талабалар муаммо, таклиф ва ташаббусларини бевосита раҳбариятга етказиши, уларни очиқ муҳокама қилиши ва билдирилган таклифларни аниқ чора-тадбирлар ҳамда амалий ечимлар билан боғлашдан иборат.
“Talaba Expo – 2026” тадбирлари доирасида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувларини мисол қилиб олайлик. Самарқанд вилоятида ўтказилган учрашувларда 12 мингга яқин талаба-ёш иштирок этди. Унда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, ёшларни меҳнат бозорига тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Спорт – соғлом рақобат ва жамоавийлик мактаби. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва уларни жисмоний фаолликка кенг жалб этиш ҳам олий таълимдаги соғлом ижтимоий-маънавий муҳитнинг муҳим таркибий қисми. Шу мақсадда талаба-ёшлар ўртасида футбол, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича “Ректор кубоги”, “Факультет чемпионати” каби мусобақаларни ташкил этиш амалиёти кенгайтирилди.
Хусусан, жорий йилда республика комиссияси ишчи гуруҳи томонидан Термиз давлат университетида “Ректор кубоги” спорт мусобақаларининг ташкил этилиши ўрганилди. Жараёнда спорт тадбирлари билан бир қаторда ёшлар билан ишлаш тизими, стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам таҳлил қилинди. Замонавий олий таълимда спортни алоҳида тадбир сифатида эмас, балки ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, жамоавийлиги, лидерлик қобилияти ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантирувчи комплекс механизм сифатида кўриш лозим. Айтиш мумкинки, “Ректор кубоги”, “Факультет чемпионати” ва бошқа спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларга 150 мингдан зиёд талаба-ёш қамраб олинди.
Миллий қадриятлар – ёшлар маънавий камолотининг мустаҳкам пойдевори. Глобаллашув шароитида ёш авлоднинг миллий ўзлигини англаш, тарихий ва маданий меросга ҳурмат руҳида тарбияланиши ниҳоятда муҳим. Шу мақсадда олий таълим ташкилотларида “Миллий қадриятлар – маънавият кўзгуси” шиори остида турли кўрик-танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва ижодий лойиҳалар ташкил этилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази томонидан ташкил этилган “Юртим қадриятлари” Республика кўрик-танловининг финал босқичида 6 та жамоа миллий анъана, қадрият ва урф-одатлар, композицион мусиқий чиқишлар ҳамда жадидлар ҳаёти ва ижодига оид савол-жавоблар бўйича беллашиб, теaтрлаштирилган саҳна кўринишлари, халқ қўшиқлари, миллий рақслар ва интеллектуал чиқишлар орқали ўз билим ва ижодий салоҳиятини намоён этди. Шунингдек, олий таълим ташкилотларида миллий қадриятларни тарғиб этишга қаратилган 550 дан ортиқ кўрик-танлов ўтказилиб, 35 мингдан зиёд талаба-ёш қамраб олинди.
“Талаба – тьютор – психолог – ота-она” ҳамкорлигида муаммоли ёшлар билан ишлашнинг самарали ечими. Талабанинг ўзгариб қолган кайфияти, дарсларга қизиқишининг сусайиши ёки жамоадан четлашиши баъзан оддий ҳолатдек кўриниши мумкин. Аслида эса бундай белгилар ортида эътибор ва кўмакка муҳтож муаммо яширинган бўлиши эҳтимол. Шу боис, олий таълимда соғлом муҳитни таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – муаммони чуқурлашмасдан аввал аниқлаш ва унга ўз вақтида муносабат билдириш. Бу жараёнда “Талаба – тьютор – психолог – ота-она” ҳамкорлиги муҳим механизмга айланмоқда.
Тьютор талабанинг таълимий ва ижтимоий ҳаётидаги ўзгаришларни биринчилардан бўлиб сезса, психолог унинг руҳий-эмоционал ҳолатини баҳолаш ва зарур ёрдамни кўрсатишга кўмаклашади. Ота-она билан ҳамкорлик эса вазиятни оилавий муҳит билан боғлиқ жиҳатлар нуқтаи назаридан чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Шундай экан, олий таълим ташкилотларида психологик хизматни кучайтириш, психологик тадқиқот ва сўровномалар ўтказиш, индивидуал маслаҳатлар бериш, профилактик тадбирлар ташкил этиш ва тьюторлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёшлар етакчилиги: иштирокчидан ташаббускор ва лойиҳа раҳбаригача. Бугунги кун талабалари тадбирларда томошабин ёки иштирокчи бўлиб қолмаслиги керак. Унинг ғояси эшитилиши, ташаббуси қўллаб-қувватланиши, лойиҳаси эса амалий натижага айланиши муҳим. Шу мақсадда ёшлар билан очиқ мулоқотларни кучайтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Очиқ мулоқотларда белгиланган вазифалар асосида ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Ёшлар куни” сифатида йўлга қўйилгани ҳам бу борадаги ишларни мунтазам тизимга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, олий таълим ташкилотларида “Ташаббуслар реeстри”ни шакллантириш орқали ёшларнинг ғоялари, лойиҳалари ва уларнинг амалга ошириш жараёнини тизимли кузатиб бориш мумкин. Чунки лидерлик кичик бир ғоядан, дадил ташаббусдан ва уни охиригача амалга ошириш масъулиятидан бошланади. Олий таълимда эса ана шу ғоялар туғиладиган ва келажак лидерлари шаклланадиган муҳит бўлиши керак.
Талаба-қизларни қўллаб-қувватлаш: муаммони эшитишдан манзилли ёрдамгача. Олий таълимдаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлиги талаба-қизлар учун яратилган шарт-шароит ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани билан ҳам белгиланади. Шу боис, талаба-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган тизимли ишлар кучайтирилмоқда. Хусусан, ҳомиладор ҳамда ёш фарзанд тарбиялаётган талабалар учун таълимни давом эттириш ва зарур ҳолларда масофавий таълимдан фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда. Талаба-қизлар билан очиқ мулоқотлар орқали уларнинг таълим, касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганиш, психологик қўллаб-қувватлаш ва бандликка оид эҳтиёжлари ўрганилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, талабалар фикрини мунтазам ўрганиш ва уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, раҳбарият, тьютор, психолог, ота-она ҳамда талабалар ҳамкорлигини кучайтириш олий таълимда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришнинг муҳим омилидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА