Талабаларнинг тўлов-контрактини «Маҳалла» тўлади
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилаётган ойлик доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими томонидан хайрли ишга қўл урилди.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилаётган ойлик доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими томонидан хайрли ишга қўл урилди.
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Самарқанд шаҳридаги “SOS – болалар маҳалласи” тарбияланувчилари ҳамда ногиронлиги бўлган самарқандлик 12 нафар талабаларнинг тўлов-контракт пулларини фонд тўлаб берди.
Вилоят Ёшлар марказида ўтказилган тадбирда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Акбар Ахтамов талаба-ёшларни ёшлар куни билан табриклаб, уларнинг ўқишларига муваффақият тилади ва тўлов-контракт пулларини тўланганлиги тўғрисидаги сертификатларни топширди.

– Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг 4-босқич талабасиман, - дейди нурободлик Зилола Ҳайдарова. – Тақдиримдан нолимайман, туғма ногиронлигим бўлсада, тенгдошларим билан бирга олий таълим муассасасида ўқияпман. Доимий равишда ҳукуматимизнинг эътибордаман. Бу менга янада шижоат бағишлайди. Қўлимда ҳунарим бор. Ҳунармандчилик билан шуғулланиб, ҳаётда ўз ўрнимни топишга интилаяпман. Яна бир йилдан сўнг, олий маълумотли мутахассис бўламан. Ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлиб, айни пайтда юртимизда жуда кўп муаммолар юзага келаётган архитектура соҳасининг ривожига ўз ҳиссамни қўшаман.
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлимининг маълумотига кўра, талабаларнинг 65 миллион сўмлик тўлов-контракт пуллари фонд томонидан тўлаб берилди.
