Талабалар ўртасида шахмат-шашка усталари аниқланди
Самарқанд шаҳрида олий таълим муассасалари талабаларининг “Универсиада – 2024” спорт мусобақаларининг шахмат ва шашка турлари бўйича финал босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.
Мусобақада республикамизнинг барча вилоятларидан 14 та жамоа — 56 нафар йигит-қиз ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Икки кун давом этган мусобақанинг шашка тури бўйича беллашувларнинг қизлар баҳсида Сирдарё вилояти жамоаси аъзоси Малика Нодирқулова биринчи, Тошкент вилояти жамоаси аъзоси Хумора Холиқбердиева иккинчи, самарқандлик Чарос Боликова учинчи ўринни эгаллади.
Шашка бўйича йигитлар беллашувида Тошкент шаҳри жамоаси аъзоси Озодбек Ўрмоналиев биринчи, бухоролик Мирфайз Аманов иккинчи, андижонлик Ойбек Қосимов учинчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-20969]
Муросасиз кечган шахмат беллашувларининг қизлар баҳсида Тошкент вилоятидан Мафтуна Бобомуродова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, навоийлик Дилнура Раббимова иккинчи, жиззахлик Зуҳра Алахонова учинчи ўриндан жой олди.
Шахматчи йигитлар баҳсида Тошкент вилояти жамоаси аъзоси Даврон Шарипов биринчи ўринни банд этди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳри жамоаси аъзоси Расулбек Абдуллаевга, учинчи ўрин Самарқанд вилояти жамоаси аъзоси Учқун Умировга насиб этди.
Мусобқа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари