Талабалар масофавий таълимни ўзлаштиришмоқда
Қўқон давлат педагогика институтида карантин қоидаларига тўла амал қилган ҳолда биринчи курсга қабул қилинган талабалар билан “Танишув дарслари” бўлиб ўтмоқда.
Қўқон давлат педагогика институтида карантин қоидаларига тўла амал қилган ҳолда биринчи курсга қабул қилинган талабалар билан “Танишув дарслари” бўлиб ўтмоқда.
Бугунги кунда замонавий фикрлайдиган, энг сўнгги янгиликлар билан ҳамнафас яшайдиган, кун сайин дунёқарашини бойитиб борадиган кадрларни тайёрлашга эҳтиёж ошиб бормоқда. Бу жараёнда, айниқса, олий таълим тизими зиммасига катта масъулият юкланади. Институтда педагог кадрлар салоҳияти ва таълим сифатини оширишга муҳим эътибор қаратиляпти.
Айни кунларда мазкур олий ўқув юртида 10 мингдан ортиқ талабалар 24 та таълим йўналиши ва 14 та мутахассислик бўйича таҳсил олмоқда. Пандемия даврида масофавий таълимни янада ривожлантириш доимий эътиборда бўлиб, moodle – элeктрон таълим тизими жорий этилган.
Уч мингга яқин ўғил-қиз тест синовлари асосида биринчи курсга талабаликка тавсия этилган. Уларга дастлаб институт тарихи, одоб-ахлоқ қоидалари, ўқиш тури, шакли, тўлов-шартнома шартлари, тақдим этиладиган ҳужжатлар руйхати бўйича тушунчалар берилди. Танишув дарсларининг иккинчи кунида ўқув жараёни жадвали, дарс жадвали ва талабаларни баҳолаш тизими, таълимнинг кредит-модул тизими, масофавий таълим платформаси ва унда ишлаш бўйича йўриқномалар билан таништирилди. Шунингдек, дарслар мобайнида талабаликка тавсия этилганлар олий таълим муассасасида биринчи семестр мобайнида таълим оладиган фанлари ҳамда фан ўқитувчилари билан танишишди.
Қўшни вилоятдан институтга тавсия этилганлар билан ишлаш учун масъуллар руйхати ишлаб чиқилди. 1 курс талабаликка тавсия этилганларнинг ҳужжатлари кўриб чиқиш ва расмийлаштириш жараёни санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳар бир факультет бўйича алоҳида биноларда ташкил этилмоқда.
Институтда талабалар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб берилишини таъминлаш учун call-center фаолиятини ташкил этилди.
– Профессор-ўқитувчиларимизда қисқа вақт ичида масофавий таълим бўйича малака ва билим шаклланди, – дейди институт ректори Маъмиржон Отажонов. – Электрон русурслар талаб даражасида ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштириляпти. Талабалар эса мустақил ўқиш, изланиш кўникмаларига эга бўлмоқда. Биринчи курс талабаларини ҳам унинг имкониятлари билан таништиряпмиз.


