“Талабалар лигаси”: Бадминтон ва стол тенниси бўйича ғолиблар аниқланди
Фарғона давлат университетида талабалар спортини ривожлантириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги йирик тадбир - “Талабалар лигаси” республика спорт мусобақаларининг бадминтон ва стол тенниси турлари бўйича финал босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мусобақалар якунига кўра, стол тенниси йўналишида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети вакиллари барқарор ўйин намойиш этиб, 1-ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Урганч давлат университети жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринлар Фарғона давлат университети ҳамда Бухоро давлат университети жамоаларига тегишли бўлди.

Бадминтон баҳсларида ҳам кескин ва муросасиз курашлар кузатилди. Унда яна Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоаси устунлик қилиб, олтин медални қўлга киритди. Иккинчи ўрин Андижон давлат педагогика институти, учинчи ўрин эса Наманган давлат педагогика институти жамоаларига насиб этди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА