Талабалар энди ишлаш имкониятига эга
Илм олишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Талабаликнинг “олтин давр”ида молиявий томондан муаммоларга дуч келмаган ёшлар кам.
Олий таълимнинг муайян босқичида таҳсил олаётган йигит-қизлар ўз мутахассислиги бўйича иш топиши, келажагига пойдевор бўлади.
Шу йилнинг 4 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасалари олдига қатор топшириқлар белгилаб берилди.
Наманган давлат университетида ушбу вазифалар ижроси доирасида бўлиб ўтган йиғилишда ҳар бир талабанинг оилавий аҳволи, шароити, ўзлаштириши, мавжуд муаммолари, бу борада илм толибларининг мақсад ва таклифлари билан яқиндан танишиш зарурлиги қайд этилди.
– Мутасаддилар ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам беради, – дейди университет ректори, профессор Собитхон Турғунов. – Яқин вақт ичида университетдаги бўш хона ва иншоотлар талабаларга бепул ажратилади. Уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин. Бу орқали талабалар учун иш ўринлари яратилади. Шунингдек, университетда аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатилади ва талабага қўшимча даромад олиш имконияти яратилади. Бир ой ичида эса талабалар бўш вақтида ишлаб, даромад топиши учун коворкинг маркази ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча давлат ташкилотлари ва муассасаларига талабаларнинг ишлаши учун рухсат берилди. Бу шаҳардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги мавжуд бўш иш ўринларига шу мутахассисликлар бўйича ўқиётган талабаларни ишга жойлашиш имконини беради. Айнан, мактаб ва боғчалардаги мутасаддилар билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш талабаларнинг тезроқ иш топиши ва жойлашишига ёрдам беради.

Ўз навбатида, жорий йилда давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларга кўпроқ талабалар жалб қилинади. Университетдаги илмий лойиҳа гуруҳлари таркибининг камида 40 фоизи талабалар ҳисобидан шакллантирилади. Университет қошида “Каръера маркази” ташкил қилинади ва уларга 28 нафар талаба жалб этилади.
Эндиликда вилоят ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда университет ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Вилоятда иш берувчилар – қўшма корхоналар, кластерлар, хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликда ҳар ойда бир марта вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлари ўтказилади.
Наманган давлат университетида “талабабай” ва “ўқитувчибай” усулида иш ташкил этилади. Турли коррупцион ҳолатлар ва талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жиддий профилактик чоралар кўрилади. Оилада ота ёки онасиз улғаяётган талабалар, ўзи ёки оила аъзолари “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади. Университетнинг маҳаллалар билан ҳамкорлиги янада кучайтирилади. Битирувчи талабаларнинг ҳар бирини муносиб ишга жойлаштириш бўйича дастур тузилади. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида университет томонидан грантлар ажратилади.
Қолаверса, талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида жорий йилда янги турар-жой биноси қуриб битказилиши режалаштирилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА