Талаба қиз нега пичоқланди?
Журналист суриштируви
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қарши давлат университети ҳовлисида бир йигит томонидан бир қиз пичоқлангани ҳақидаги хабарлар икки кундирки жамоатчиликнинг кескин муҳокамасига сабаб бўлмоқда.
Хўш, аслида бу воқеа қандай юз берди, нима сабабдан куппа-кундуз куни олий ўқув юрти ҳовлисида, кўпчиликнинг кўз ўнгида йигит қизни пичоқлади?
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойида бўлиб, университетда тегишли масъул ташкилотлар иштирокида ўтказилган муҳокамада қатнашдик.
Қиз университетнинг битирувчи курс талабаси бўлиб, пичоқлаган йигит билан уч йил олдин маҳаллий одатга кўра унаштирилган. Лекин вақт ўтиши билан йигитнинг қизга нисбатан рашки туфайли тазйиқлари кучайиб борган. Ўзаро жанжаллар уларнинг ота-оналарига ҳам сезила бошлаган. Оқибатда қиз йигитга турмушга чиқишдан бош тортган. Шу туфайли йигитнинг қизга нисбатан адовати ортган. Кунда- кунора телефон орқали боғланиб, қизга руҳий босим ўтказа бошлаган. Бундан қўрққан қиз охирги имтиҳонларга отаси билан бирга келиб- кетган. Буни муҳокама жараёнида қизнинг отаси ҳам тасдиқлади.
– Йигит доимий равишда қизимга тазйиқ ўтказиб келган. Биз буни бир ой олдин билиб қолдик. Кейин берган нарсаларини қайтардик, – дейди қизнинг отаси. – У қизимга ўқиши қизиқтирмаслигини, кейинчалик ўқитмаслигини, ишлатмаслигини ҳам айтган. Бу ҳолатда қизимни унга бермайман, дедим. У болага яхшиликча тушунтирганман. Охирги марта келганда ҳам “Ўғлим, қиз бола хоҳламагандан кейин энди фойдаси йўқ” дедим. Кейин у пойлаб юриб шу ишни қилган. Охирги сессияларини ёпгунча ўзим олиб келиб, ўзим олиб кетганман. Бошидан ҳам тўйга рози бўлмаганман.
Жиноят содир бўлган куни қизнинг охирги имтиҳони эди ва у ёлғиз келган. Фурсатдан фойдаланган йигит эрталаб университет ҳовлисида қизни тутиб олади ва у билан тортишиб қолади. Тортишув жараёнида йигит қизни ҳақоратлаб, барсетида олиб юрган пичоғини бир неча марта қизнинг қорин соҳасига санчади. Кутилмаган бу ҳолатга гувоҳ бўлган атрофдагилар йигитни зарарсизлантиришга ҳаракат қилади. Йигит эса атрофдагиларга ҳам пичоқ ўқталиб югуради. Бу орада ўзига ҳам ханжарни санчади. Ниҳоят кўпчилик бўлиб, уни қўлга олишади ва ички ишлар ходимларига топширишади.
– Уч йил олдин икки марта борганмиз совчиликка. Мен Россияда ишлайман, ҳозир кучим бор, тўйни қилайлик, дедим, – дейди йигитнинг отаси. – Отаси ҳали қизимни ўқитишим керак. Ҳозир бериб юборсам, кейин ўқитмайсизлар, деди. Уйланадиган бўлсанг, қизни рози қил, отаси рози бўлмаяпти, олиб бераман деганман. Ўтган йили ҳам гаплашганмиз. Отаси аёлларни жўнатинглар, деган. Аёлларни жўнатганмиз, дастурхонни олиб қолган. Бир ой олдин эса қайтариб бериб кетган. Қизнинг отасига нега бундай қиляпсан, деганимда “Билмайман булар иккаласи тортишиб қолибди, тўй бўлмайди” деб айтиб кетган. Қолганини билмайман. Ўша куни ҳам ишга эрта чиқиб кетганман. Соат 10 лардан ўтиб хабар келди.
Бу ҳолатга гувоҳ бўлган университет проректори Ойбек Қўзиев ҳолатни шундай изоҳлади. – Куни кеча университетимизда содир бўлган ҳолат жуда ачинарли. Бундан ҳаммамиз хулоса чиқаришимиз керак, – дейди Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ойбек Қўзиев. – Воқеа жараёнида ўша ерда эдим. Талаба қизимизга тажовуз қилган ўша йигитни зарарсизлантиришда бевосита ўзим ҳам иштирок этдим. Талаба қизимизни тезда шифохонага етказдик. Энг яхши томони, ўша пайтда атрофда одамларнинг кўплиги талаба қизнинг ҳаёти сақлаб қолиниши ва шифохонага тезда етказилишига сабаб бўлди. Йигит ушланиб, тегишли органларга етказилди. Албатта, талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча чора-тадбирларни кўрганмиз. Икки нафар профилактика инспектори фаолият олиб бормоқда университетимизда. Ҳар битта факультетлардаги 1-3 курс талабаларига 120-150 нафар талабага бириктирилган тюторлар бор.
Лекин, энг ачинарлиси, университетимизнинг иккита катта дарвозаси шаҳардаги 4 та маҳаллани боғлаб турадиган асосий йўл ҳисобланади ва ҳар куни икки минг нафардан ортиқ аҳоли қатнайди бу ердан. Бугунги кунда бизга катта хавф туғдираётган асосий омиллардан бири шу.
Албатта, содир этилган жиноят ҳолати бўйича таҳлил олиб борамиз. Қизимиз жуда ижобий салоҳиятга эга талаба ҳисобланган. Бундан тегишли хулосаларни чиқарамиз, хавфсизлик чораларини янада кучайтирамиз.
Жиноят муҳокамасида жабрловчи ва жабрланувчининг ота-оналари, маҳалла еттилигининг ҳам фикрлари тингланди. Англашилган хулоса шуки, йигит ҳақидаги хулосалар салбий бўлди. У содир этган хатти-ҳаракат ҳам унинг тарбиясида қусур борлигини кўрсатиб турибди.
Шукрки, талаба қизга кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Бунга изоҳ олиш учун Республика шошилинч тез ёрдам илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалига бордик.
– Жорий йилнинг 22 июнь куни соат 9 лар атрофида бизга иккита бемор олиб келишди. Уларнинг аҳволи оғир бўлгани учун кўрсатма билан тўғридан-тўғри жарроҳлик хонасига олинди, – дейди директорнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Сайфулла Махматмўминов. – Керакли текширувлар ўтказилиб, жароҳатлари тикилди. Ҳозирги кунда беморларимизнинг аҳволи яхши. Қиз бола жонлантириш бўлимида, йигит эса хирургия бўлимида даволаняпти.
Ушбу воқеа юзасидан вилоят прокуратураси қуйидагича расмий муносабат ҳам берди.
“Жорий йилнинг 22 июнь куни соат 08:30 ларда фуқаро М.Э ўзига олдиндан таниш бўлган Қарши давлат университети талабаси фуқаро С.Т. билан университет ҳудудида ўзаро жанжаллашиб, С.Т.нинг танасининг турли соҳаларига ўзи билан олиб келган пичоқни 8 маротаба санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг фуқаро М.Э. ўзининг қорин бўшлиғига пичоқ санчиб, ўзига-ўзи тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан 22.06.2024 йилда Қарши шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро М.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жабрланувчи ҳозир шифохонада тиббиёт ходимлари назорати остида даволанмоқда.
Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда”.
Хулоса шуки, инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. У улғаяр экан, оиладаги, маҳалладаги, таълим муассасасидаги ва, борингки, унинг атрофидаги муҳит ўз таъсирини кўрсатади. Шу боис ёшларимиз тарбиясида ўта ҳушёр ва эътиборли бўлишимиз шарт. Йўқса, унинг оқибати барчанинг дилини вайрон қилиши ҳеч гап эмас.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири