Таиланддаги мактабда отишма содир бўлди
Таиланднинг Нонтхабури музофотида жойлашган Дебсирин мактабида юз берган мудҳиш отишма оқибатида олти киши ҳалок бўлди, 15 киши турли даражада жароҳат олди. Маҳаллий ҳокимият хабарига кўра, хужумни шу мактаб ўқувчиси содир этган. Бу ҳақда “Ap News” нашри маълум қилди.
Фожиа туфайли уч ўқитувчи ва уч ўқувчи ҳаётдан кўз юмди. Жабрланганларнинг икки нафари ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Фожиани содир этган ўқувчининг ўзи ҳам воқеа жойида оғир яраланиб, тиббиёт муассасасига етказилган. Дастлабки суриштирувга кўра, у қариндошларидан бирига тегишли ўқ отар қуролдан фойдаланган.
Ҳодиса пайти мактабда кучли ваҳима кўтарилган. Синф хоналарига яширинганларнинг бир қисми жон сақлаб қолиш учун дераза орқали ташқарига қочишга мажбур бўлган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари ҳудуд хавфсизлигини таъминлаб, одамларни бинодан тартибли равишда эвакуация қилган.
Мамлакат Бош вазири Анутин Чарнвиракул ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, фожиа сабабини атрофлича ўрганиш ҳамда жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса сабаби ва қурол мактаб ҳудудига қандай олиб кирилгани юзасидан суриштирув олиб боряпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА