Таиландда катта кураш беллашувлари ўтказилади
Миллий спортимиз курашни халқаро майдонда янада оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишларнинг энг муҳим тамойили, бу, қитъа ва жаҳон чемпионатларини тизимли ўтказиш ҳисобланади.
Шу мақсадда Осиё кураш конфедерацияси тақвим режасига асосан жорий йилнинг 4-8 сентябрь кунлари Таиланднинг Чонбури шаҳрида ёшлар ўртасида кураш бўйича қитъа чемпионатини ташкил этиш белгиланди.
Мазкур нуфузли мусобақада миллий спортимиз курашнинг оммавийлигини таъминлаш ҳамда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида куни кеча Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Алишер Эшонқулов етакчилигидаги спорт делегацияси Таиландга йўл олди.
Сафар олдидан делегация раҳбари Алишер Эшонқуловга бир неча саволлар билан мурожаат этдик.
— Осиё чемпионати кураш ватани спортчилари учун ўта масъулиятли мусобақа саналади. Унда юртимиз шарафини неча нафар курашчи ҳимоя қилади?
— Ҳақиқатан, терма жамоамиз аъзолари учун мазкур чемпионат жуда масъулиятли. Қитъа курашчилари учун ҳар бир спортчимиз миллий спортимизнинг жозибасини кўрсата билиши билан ўз вазнларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя этиши талаб этилади. Таиланд баҳсларига терма жамоамиз чуқурлаштирилган ўқув машғулот йиғинлари орқали ҳам амалий, ҳам назарий тайёргарликдан ўтишди. Чемпионатда ёшлар терма жамоасининг тажрибали мураббийлари Олим Равшанов ва Умида Матёқубова бошчилигидаги 10 нафар ўғил ва 10 нафар қиз бола спортчиларимиз иштирок этади.
— Чемпионат низомига кўра, мусобақалар 8 та ўғил ва 8 та қизлар вазнида ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон 20 нафар спортчи билан Осиё чемпионатига йўл олганлигига қараганда қайсидир вазнларда 2 нафардан курашчи қатнашар эканда?
— Шундай. Осиё кураш конфедерацияси томонидан ҳар бир иштирокчи давлатга ўғил ва қиз болалар вазнида 2 нафардан қўшимча курашчи билан қатнашишга рухсат берилган. Чемпионат мезбони Таиланд ҳар бир вазнда иккита таркиб билан иштирок этиши назарда тутилган.
— Мусобақалар айнан қайси кунлари бўлиб ўтади?
— Кураш беллашувлари 6-7 сентябрь кунлари ташкил этилади. 5 сентябрь куни мандат комиссиясининг йиғилиши, ҳакамлар учун семинар, қуръа ташлаш маросими каби тадбирлар бўлиб ўтади.
— Беллашувларни бошқариб боришда ўзбекистонлик кураш ҳакамлари ҳам қатнашадими?
— Албатта. Чемпионат баҳсларини бошқариб боришда Ўзбекистон кураш федерациясининг 3 нафар ҳаками қатнашади. Улар сурхондарёлик Манзура Турсунова, наманганлик Ойбек Каттабобоев ҳамда қорақалпоғистонлик Нукусбой Дониёров.
— Таиландда ўтадиган чемпионат давомида қитъа курашчиларига Ўзбекистон кураш федерациясининг совғалари топшириладими?
— Осиё мамлакатларида энди-энди кураш билан шуғулланаётган спортчилар, фаолият юритаётган кураш федерацияси мутахассислари ҳамиша кураш ватани спортчиларига бошқача назар билан қарашади. Улардан кураш бўйича нималарнидир ўрганишни исташади. Федерация раҳбариятининг кўрсатмасига биноан мусобақа олдидан 200 нафарга яқин спортчига кураш яктаклари совға қилинади. Бу уларнинг келгусида миллий спортимиз билан тизимли шуғулланишига қулайлик яратади, албатта.
— Чемпионатда ҳамюртларимизга кимлар асосий рақиб бўлади, деб ўйлайсиз?
— Бундан 7-8 йил муқаддам қўшни давлатларнинг жамоалари асосий рақибимиз бўлган бўлса, ҳозирда қитъамизда курашни билмайдиган, унинг жозибали усулларини ўзлаштирмаган давлат қолмади, ҳисоб. Шу жиҳатдан бу галги чемпионатда кучсиз рақибнинг ўзи бўлмайди, назаримда.
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА