Таиланд самолётда повербанкдан фойдаланишни тақиқлади
Самолётда повербанкнинг қизиб кетиш ҳолати кўпайгани сабабли, Таиланд авиацияси парвоз пайтида ундан фойдаланишни қатъиян тақиқлади. Бу қоида йўловчилар учун нимани англатади?
Таиланд Фуқаро авиацияси бошқармаси (CAAT) парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида самолёт бортида повербанкдан фойдаланиш қоидасини кескин кучайтирди. Янги тартибга кўра, йўловчиларга парвоз пайтида телефон ёки бошқа қурилмаларни повербанк орқали қувватлаш, шунингдек повербанкнинг ўзини қувватлаш қатъиян тақиқланади. Ушбу қурилмаларни рўйхатдан ўтказиладиган юк (багаж) ичига жойлаштириш мумкин эмас, фақат қўл юкида олиб юришга рухсат берилади.
Бунда ҳар бир йўловчи ўзи билан қуввати 100 Вт/соатдан ошмайдиган кўпи билан иккита батарея олиб ўтиши мумкин. Агар қурилма қуввати 100 дан 160 Вт/соатгача бўлса, уни олиб чиқиш учун авиакомпаниянинг махсус рухсати талаб этилади. Янги қоидага асосан, повербанкларни тепа багаж жавонида сақлаш тақиқланади. Улар фақат осон етиб бориладиган жойларда, масалан, ўриндиқ чўнтагида ёки оёқ остида бўлиши шарт. “Bangkok Post” нашрининг тушунтиришича, бундай чекловга сўнгги пайтда литий-ионли батареяларнинг қизиб кетиши ва самолётда ёнғин чиқиши билан боғлиқ кўплаб нохуш ҳодисалар сабаб бўлган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА