Тафаккур қилиш фурсати...
Ҳозир атрофимизда вирус даҳшати кезмоқда. Ҳалигача унга даво топилмади. Инсоният ҳамон ожиз...
Дарёларни лойқалатган, ўрмонларни, боғларни чўлга айлантирган, ҳавони булғаган, ҳайвоноту наботот оламига катта заҳмат етказган, ўзаро низолар чиқариб, қирғинбаротлар қилган, очкўзлик, манманлик ва худбинликни касб қилиб олган, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган – биз. Олдимиздаги неъмату давлатга шукр қилмасдан, исрофгарчиликка, дабдабага, кимўзарга йўл қўйган, кечиримли бўлишни унутган адоватчи, мансаб ёки бойлигимиз билан керилиб, қимматбаҳо кийимлар ичига беркинган, айшу ишратга ғарқ бўлган, инсонийлик қиёфани йўқотган – ўзимиз. Киммиз, қаердан келдик, қаён кетмоқдамиз? Бу ҳақда тафаккур қилишни эсдан чиқарган ҳам одам авлодлари бўлди...
Ҳозир атрофимизда вирус даҳшати кезмоқда. Ҳалигача унга даво топилмади. Инсоният ҳамон ожиз...
Шундай чоғ киши мушоҳадага берилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир йиғилишида, ҳар бир мурожаатида бу касалликнинг нақадар оғирлиги, халқимиз ҳаёти учун нечоғлик хавфлилиги, шу боис сабру матонат, покизалик ва қаноат, юксак маданият, маърифат билан иш тутишимиз кераклиги, ҳам ўзимизни, ҳам яқинларимизни, ҳам жамият аҳлини ушбу касалликдан эҳтиёт қилишимиз, унга қарши бир тану бир жон бўлиб курашиш чора-тадбирларини кўришимиз зарурлигини бот-бот таъкидламоқда. Вазиятдан келиб чиқиб фармонлар, қарорлар қабул қилинди.
Уйдаги тасаввурларимдан шундай хулосага келдимки, шу кунларда Ўзбекистонда касб-ҳунар эгалари, ижодкорлар, умуман, ўзини англаган одам борки, барча уй шароитида, оила бағрида истироҳат қилиш билан бирга ижод ҳам қилмоқда. Назаримда, бутун Ўзбекистон халқи ижодкордек: ҳар бир инсон ўзи ва жамият учун гўзал ва керакли бўлган нарсалар яратиш билан банд. Шахсан мен Ўзбекистонда ва дунёда кечаётган воқеалардан хабардор бўлиб турдим, севимли фильмларимни томоша қилдим, китоб мутолааси ва ижод билан шуғулландим, илмий, оммабоп мақолалар ёздим, бошлаган илмий-тадқиқот ишларимни якунига етказдим, шеърлар битдим...
Қалбимизда эса зўр бир таскин бор: Президентимиз ишончи, жонкуярлиги, давлатимиз қудрати, халқимиз бирдамлиги... Энг муҳими биз ота-боболаримизга хос жомардлик феълимизни кўрсата оляпмиз. Бу биргина “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг тез кунда мамлакат бўйлаб қўр олганида яна бир бор намоён бўлди.
Муборак Рамазон ойида яшаяпмиз. Халқимиз эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатишда яна ҳам фаол бўлган. Бу ҳам қалбларимизга таскин, кўзларимизга нур ва сурур, юзларимизга ёруғлик бағишлайди.
Ҳа, эзгулик, яхшилик, гўзал хулқу атвор ва амаллар, меҳру муҳаббат ва хайру саховат нақадар яхши, нақадар гўзал! Булар ичида ётган ғуж-ғуж савобу раҳматларнинг ҳисобига, жаннат ифорларининг адоғига етиб бўладими? Бир ўйлаб кўринг: кишига эҳсон қилдингиз ёки яхшилик кўрсатдингиз, майли, бу яхшилик арзимаган (масалан, йўлни қидириб юрган кишига қайси томонга боришни кўрсатдингиз) бўлсин, лекин бундан кўнглиингиз қанчалик равшан тортади, ўзингизда руҳий енгиллик, хотиржамлик туясиз, кимгадир фойдангиз текканидан қувонасиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан мамнун бўлади, сизга нисбатан кўнглида меҳр ва миннатдорлик ҳисси уйғонади, агар сиздан хафа бўлиб қолган бўлса, унутади, унда ҳам бировга яхшилик қилиш туйғусини ҳаракатга келтиради. Шундай қилиб, эзгулик занжирли давом этиб кетаверади.
Пировардида, жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром муҳити юзага келади, келишмовчиликлар, ихтилофлар, бегонасирашлар, душманликлар барҳам топади, фароғатли ҳаёт барқарор бўлади.
Парвардигорнинг иродаси бўлмаса, шохдаги япроқ ҳам, ер остидаги қурт-қумурсқа ҳам қимирламайди... Бас, шундай экан, дард берган шифосини ҳам албатта беради. Президентимиз айтганидек, буни фақат ва фақат сабр-қаноат, матонат билан енгишимиз мумкин. Бу синовлардан ҳам соғ-саломат ўтиб оламиз, иншааллоҳ.
Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ
Ўзбекистон Тожик миллий маданий марказ раиси