Таэквондочиларимиз Туркияда зафар қучмоқда
Айни кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида таэквондо “WТ” бўйича “G2” тоифасига кирувчи “Turkish Open-2025” халқаро турнири давом этмоқда. Мазкур мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан энг кучли шарқона яккакураш усталари иштирок этаётгани унинг нуфузини янада оширмоқда.
Турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам муносиб натижаларга эришмоқда. Мусобақада жами олти нафар спортчимиз даянгга кўтарилди ва якунда иккита кумуш ва ҳамда битта бронза медалига сазовор бўлди. Жумладан, мусобақанинг финал баҳсларида Наманган вилояти вакиласи, “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Гулсанам Алижонова 73 килограмм вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб кумуш медали билан тақдирланди.

Мазкур муваффақиятли натижа мамлакатимиз спорт делегациясининг ғазнасини яна бир соврин билан бойитди. Гулсанамнинг ушбу ғалабасида унинг меҳнати ва тинимсиз машғулотлари самараси, қолаверса мураббийлари – ака-ука Холмурод ва Маъмуржон Нозимовнинг катта ҳиссалари бор.
Спортчиларимизнинг халқаро ареналардаги юксак ғалабалари Ўзбекистон таэквондосининг жаҳондаги нуфузи тобора ортиб бораётганлигининг яна бир карра ёрқин исботидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА