ТАЭКВОНДО: ЎзМУнинг мевалари ўз ҳосилини бера бошлади
Юртимиз вакиллари Олимпия ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда турли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришмоқда.
Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.


Юртимиз вакиллари Олимпия ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда турли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 24-30 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги «Универсал» спорт мажмуасида таэквондонинг WT йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Кёруги, пумсе ва пара-кёруги бўйича ўтказилаётган мазкур мусобақада Республикамизнинг барча ҳудудларидан 700 нафар иштирокчи баҳс олиб борди.


Ўзбекистон Миллий университети Таэквондо ва спорт фаолияти факультети талаба-ёшлари мазкур мусобақада кёруги, пумсе ва пара-кёруги йўналишлари бўйича муваффақиятли иштирок этиб, 11 та олтин, 7 та кумуш ва 7 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди.

Ўзбекистон Миллий университети Таэквондо ва спорт фаолияти факультети профессор-ўқитувчилари, таэквондо WT спорт тури бўйича университет жамоаси бош мураббийлари Лазиз Пўлатов ва Жавохир Дехқоновларнинг мазкур жамоани шакллантириш ва мусобақага тайёрлашда хизматлари беқиёс.
