Тадбирли одамлар кўпайса...
Навоий вилоятида ҳам ишбилармонлиги ортидан қатор йўналишларда фаолиятини йўлга қўяётган, чет эллик ҳамкорлар билан қўшма корхоналарга асос солиб, маҳаллий аҳоли учун иш ўрни яратаётган тадбиркорлар кўп.
Навоий вилоятида ҳам ишбилармонлиги ортидан қатор йўналишларда фаолиятини йўлга қўяётган, чет эллик ҳамкорлар билан қўшма корхоналарга асос солиб, маҳаллий аҳоли учун иш ўрни яратаётган тадбиркорлар кўп.
Тоғ бағрида қурилаётган йирик саноат корхонаси манзили Нурота туманининг Чуя қишлоғи. Маълумки, бу ҳудуд мармар тошлари билан дунёга танилган. Америкалик ишбилармонларни ҳам мармарнинг турли кўринишдаги жилолари ром этган бўлса керак. Айни кунда объектда Италиянинг мармар кесишга мўлжалланган технологияси келтириб ўрнатилган. Фақат корхонанинг девор қисмлари кўтарилади, холос. Катта сармоя билан тикланаётган бу ишлаб чиқариш зонасида ҳадемай 200 нафар ишчи тоғ-кон ишлари ҳамда дастгоҳларда иш бошлайди.
Эътиборлиси, мазкур қўшма корхона мутахассислари давлат хизматига бўлган барча мурожаатларини онлайн тарзда интернет орқали амалга оширмоқда.
Аслида пандемия шароитида энг қулай ва хавфсиз йўл онлайн хизмат олишдир. Бугун Нурота туманида ахборот коммуникация технологияларидан хабардор кучли ҳуқуқий билимга эга тадбиркорлар бисёр. Олинган давлат хизматларнинг 40 фоизи онлайн шаклда амалга оширилгани фикримиз исботидир. Аммо, аҳолининг бир қисми зарурий хизматлар учун марказга ҳам келмоқда. Нурота тумани Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси Абдухолис Расуловнинг таъкидлашича, жорий йил ҳисобидан туманда аҳоли ва фуқароларга 2200 та давлат хизмати кўрсатилган бўлиб, шундан 328 таси юридик мақомга эга бўлган корхоналар очилишига тўғри келади. Айни кунда бундай корхоналар сафи кенгаймоқда. «Козимбек нурли келажак сари» корхонаси раҳбари Ғулом Нормуродов яқинда яна бир корхонага асос солди.
Дарҳақиқат, «Козимбек нурли келажак сари» корхонаси туман марказидан олисдаги «Қадоқ» қишлоғида жойлашган. Фаолияти боғдорчиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятига ака-ука Нормуродовлар асос солган. Чўлда мўъжиза ярата олган ака-укаларни аҳоли жуда ҳурмат қилади.
Интенсив боғ майдони анча кенг. Томчилаб суғориш йўли билан чўлда яшил ҳудудни барпо этаётган тадбиркорлар яна бир корхонани давлат рўйхатидан ўтказишди. Корхона иш юритувчиси Бахтиёр Нормуродовнинг таъкидлашича, давлат рўйхатидан яқинда ўтказилган масъулияти чекланган жамиятда чорвачилик билан шуғулланилади.
Ҳар доим шундай бўлган. Кўнглида Яратгандан мадад сўраб, меҳнат қилган тадбиркор ҳатто чўлда ҳам инсон хаёлига келмаган муваффақиятларга эриша олади. Тўғри, боғ ҳали ҳосилга кирмаган. Аммо, 150 гектардаги 1500 туп мевали дарахт келтирадиган даромадни чамалаш кифоя. Қолаверса, токзор ва плёнка остига экилаётган экинлар ҳам тадбиркор учун кун келиб даромад манбаига айланади. Қувонарлиси, тармоқни кенгайтиришни истаган ака-укаларнинг режалари бисёр.
Қанийди қаҳрамонлари фаолиятини ёритиш билан аҳоли турмуш тарзига таъсир эта олсак. Натижада, тадбирли одамлар кўпайса, ўзини ва маҳалласи одамлари турмушини фаровон қилса!
Давлат хизматлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати