Тадбиркорнинг ишончли ҳамкори
Тадбиркорлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида инвестиция лойиҳалари бўйича аризалар фонднинг www.ffpd.uz электрон манзили орқали ҳам қабул қилинмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари буюртманомаларни тўғридан-тўғри pdf.fund@gmail.com электрон почта орқали тақдим этиши мумкин.
Мамлакатимизда замонавий технологияларни жалб этиш орқали экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш истагидаги тадбиркорлар учун бизнесни олиб бориш бўйича бир қатор имтиёзлар яратилди. Жумладан, юқори технологик ускуналарни сотиб олиш учун кичик бизнес субъектларини кредитлаш механизми соддалаштирилди. Яъни, уларнинг кредит учун ёзган аризаларини кўриб чиқиш муддати уч банк иш кунидан ошмаслиги белгиланди. Банк ҳисобварағини очиш, бюджетга уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банк хизматлари учун тўлов ундириш ва нотариал тасдиқланган имзолар намунаси олиш бекор қилинди. Ҳисобварақларга электрон кўринишда хизматлар кўрсатиш учун олинадиган тўлов миқдори 20 фоизга қисқартирилиб, банк-молия соҳасида 8 турдаги рухсат бериш тамойиллари бекор қилинди.Тегишли лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва уни ишлаб чиқишни молиялаштириш йўли орқали кичик бизнес субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишларини енгиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 2011 йили Ўзбекистон Банклар уюшмаси ҳузуридаташкил этилган Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси бунда фаол иштирок этмоқда.
Мазкур жамғарма иқтисодиётнинг устувор йўналишларидаги инвестиция лойиҳалари бўйича ғоялар танловини ўтказиш, уларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш ҳамда тижорат банкларининг маблағларини жалб этишда ишбилармонларга кўмаклашмоқда.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермер хўжаликларини ривожлантириш мақсадида тижорат банклари кредитларини жалб этиш учун намунавий бизнес-режалар ишлаб чиқиш доимий эътиборда, – дейди Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси бошқаруви раиси Отабек Каримов. – Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил этишга оид лойиҳалар муҳим аҳамият касб этаётир.
Буюртманомаларнинг тушишига қараб жамғарма кенгаши йиғилишлари ташкил этилиб, танловлар қисқа муддатларда ўтказилмоқда. Бунда тенглик, очиқлик ва холислик тамойилларига тўла риоя қилинмоқда.Танловда қатнашиш учун тақдим этиладиган дастлабки ҳужжатларнинг намунавий шаклини тижорат банкларининг филиаллари ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаларидан олиш мумкин.
Танловга тавсия этилаётган технологияларнинг янгилиги, ғояларнинг иқтисодий самарадорлиги, илғор ишланмалардан фойдаланилиши, меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, маҳаллий хомашё ҳамда материаллардан фойдаланиш имконияти каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилади.
Тижорат банклари томонидан лойиҳанинг истиқболлилиги аниқлангач, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчини – қонун ҳужжатларига мувофиқ лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳалаш ташкилоти, инжиниринг ва консалтинг компаниясини аниқлаш юзасидан танлов эълон қилинади. Танлов таклифлари ва зарур ҳужжатлар қабул қилиниб, таклифлар баҳолангандан кейин ғолиб аниқланади. Жамғарма ҳар бир лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш харажатларини энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда молиялаштиради.
Тадбиркорлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида инвестиция лойиҳалари бўйича аризалар фонднинг www.ffpd.uz электрон манзили орқали ҳам қабул қилинмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари буюртманомаларни тўғридан-тўғри pdf.fund@gmail.com электрон почта орқали тақдим этиши мумкин. Натижада буюртманомаларни қабул қилиш муддатлари кескин қисқариб, тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалмоқда.
Инвестиция ғоялари бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчини аниқлашда нафақат унинг сифати ва тайёрлаш баҳоси, балки муддатларига ҳам эътибор берилаётгани лойиҳалар ижросини жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан 120 дан ортиқ буюртманома тушди. Бу 2013 йилга қараганда 34 фоиз кўп демакдир. Ушбу лойиҳаларнинг 33 таси жамғарма кенгаши томонидан маъқулланиб, молиялаштирилди. Етмишдан зиёд лойиҳани тижорат банклари молиялаштиришида кўмаклашилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса тадбиркорлик субъектларидан тушган буюртманомалар 2014 йилнинг шу даврига қараганда олтмиш фоизга ошди. Улардан фонднинг бевосита кўмагида амалга оширилганларига тижорат банклари 10,8 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиши кутилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг аксарият қисми ишчи кучи нисбатан кўп бўлган ҳудудлар ҳиссасига тўғри келди.
Мисол учун, Наманган вилоятидаги “Lyuks Plyus Servis” корхонасига ажратилган бир миллиард сўм эвазига тикиш цехи фаолияти кенгайтирилган бўлса, Қашқадарё вилоятидаги “Кумуш куз файзи” корхонаси қарийб 600 миллион сўм сармоя билан қурилиш ашёлари ишлаб чиқаришни бошлади. Сурхондарё вилоятидаги “Термиз механизация” корхонаси 232 минг доллар эвазига томат шарбати ва томат пастаси ишлаб чиқаришнийўлга қўйди. Тошкент вилоятидаги “Bioton” корхонаси 70 минг доллар эвазига биологик фаол қўшилмалар ва тиббиёт дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтирди.
Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни молиялаштириш жамғармаси билантижорат банклари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Жумладан, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Агробанк”, “Асака”, “Ипак йўли”, “Asia Аlliance Вank” сингари молия муассасалари кўмагида инвестиция лойиҳаларига белгиланган маблағлар ўз муддатида йўналтирилмоқда.
Жамғарма фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Марказий банк ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда жойларда семинарлар ташкил этилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида танлов эълонлари мунтазам чоп қилинмоқда.
Буларнинг барчаси тадбиркорларнинг ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш борасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Зеро, соҳада эришилаётган муваффақиятлар туфайли халқимизнинг турмуш даражаси ва сифати муттасил ўсиб, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ошиб бормоқда.