Тадбиркорнинг даъвоси судда қаноатлантирилмаганда ҳам давлат божи ундирилгани ҳақли эътирозларга сабаб бўлган
Эндиликда янги қонун билан бунга барҳам берилди. 2026 йил 14 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов билан суҳбатлашдик.
– Қонун қабул қилинишига нима сабаб бўлди?
– Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили тадбиркорлар ва фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда суд тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.
Хусусан, суд амалиётини бирхиллаштириш, судлар бошқаруви тизимини соддалаштириш ва одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш лозимлиги сабабли мазкур янги қонун қабул қилинди.
Таҳлилларга кўра, давлат божининг юқори ставкалари тадбиркорлик субъектлари учун давлат органларининг қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш ва одил судловга эришишда асосий тўсиқ бўлиб келган. Бундан ташқари, даъво талаби қаноатлантирилмаган тақдирда ҳам давлат божининг ундирилиши тадбиркорлик субъектларининг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиб, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
Мисол учун, биргина 2024 йил давомида мингдан ортиқ даъво аризалари кўрилмасдан қолдирилган бўлса-да, даъвогарлардан 23 миллиард сўмдан ортиқ давлат божи ундирилган.
Кассация ва назорат инстанцияларига мурожаат қилиш муддатларининг қисқалиги ёки процессуал тартибларнинг мураккаблиги одил судловга эришиш даражасини чеклаб қўйган эди.
Шу билан бирга, суд ишларининг ҳудудий судловга тегишлилигига оид процессуал талаблар фуқаролар ва тадбиркорларга судга мурожаат қилишида ҳамда ишларнинг судларда кўриб чиқилишида ноқулайликлар туғдирган. Жумладан, биргина 2024 йилда туман даражасидаги судлар миқёсида 10 минг 487, вилоят даражасидаги судлар миқёсида 424 иқтисодий ишлар бир суддан бошқасига ўтказиб кўрилган.
– Демак, қонуннинг қабул қилиниши бюрократик тўсиқларга чек қўяди, шундайми?
– Айнан шундай. Қолаверса, эндиликда тадбиркор учун суд эшиклари кенг очилади.
Қонун билан Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Судлар тўғрисида” ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан маъмурий суд ишларини юритишда ҳуқуқи бузилган шахснинг танловига кўра, иқтисодий суд ишларини юритишда эса тарафларнинг келишувига биноан экстерриториал судловга тегишлилик механизми жорий этилди. Бунда ишни кўриб чиқувчи судни аниқлаш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини оширилади. Бу борада ягона суд амалиёти шакллантирилади. Бунда мавжуд туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судларини тугатиш орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйилади.
Агар қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва даъво аризаси ушбу иш доирасида кўрилиши лозимлиги сабабли кўрмасдан қолдирилса, илгари тўланган давлат божи қайтарилади.
– Қонундаги ўзгаришлар тадбиркорлар учун яна қандай имтиёзлар яратади?
– Масалан, даъво аризаси тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозимлиги сабабли кўрмасдан қолдирилганда, тўланган давлат божининг қайтариб берилиши халқаро миқёсдаги энг илғор амалиётлардан бири ҳисобланади. Ушбу норма Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги, хусусан, бизнес муҳити жозибадорлигини баҳоловчи кўрсаткичлардаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Қонун билан суднинг нуфузи оширилиши билан бир қаторда судга мурожаат қилувчиларга кенг имкониятлар яратди. Эндиликда халқ судни ўзини қийнаётган муаммоларнинг ечими сифатида кўра бошлайди.
Фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари жорий этилиши судга мурожаат қилишдаги ортиқча оворагарчиликларга барҳам беради. Коррупциявий омилларни бартараф этиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган механизмларни жорий этиш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончи янада ошади.
Қонун суд амалиётини бирхиллаштириш ва судларни бошқариш тизимини соддалаштиришга ҳам хизмат қилади. Бунинг натижасида суд қарорларининг сифати ва самарадорлиги ошиб, тадбиркорлик субъектлари учун одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгаяди.
Натижада тадбиркорлик ривожланади, ҳуқуқий ҳимоя бор жойда инвестиция ҳам бўлади. Янги иш ўринлари яратилади. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган суд орқали ҳимояланиш ҳамда судга шикоят қилиш ҳуқуқлари янада кучаяди.
Қонуннинг ҳаётий аҳамияти шундаки, у чекка туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес вакилларини ҳам одил судлов билан тўлиқ қамраб олади. Давлат божи билан боғлиқ тўсиқларнинг олиб ташланиши ҳалол тадбиркор учун адолатни қарор топтиришда муҳим имконият бўлиб хизмат қилади.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.