Тадбиркорнинг 48 миллион сўм маблағи ундириб берилди
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аралашуви билан тадбиркорнинг 48 миллион сўм маблағи ундириб берилди.
Амударё туманидан тадбиркор С.Б. меҳмонхона фаолияти билан шуғулланиб келган. Қўнғирот туманидаги “X P P Engineering” компаниясининг 11 нафар ходими келиб, меҳмонхона хизматидан фойдаланган. Аммо кўрсатилган хизмат учун берилиши керак бўлган 48 миллион сўм маблағни тўлашмаган. Бундан норози бўлган тадбиркор амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишонч телефонига мурожаат қолдиради.
Ушбу мурожаат тегишлилиги бўйича Амударё тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддалари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада мурожаатчининг 48 миллион сўм пул маблағи тўлиқ қайтарилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири