Тадбиркорлик ва тараққиёт
Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиб, ўз мулкимга эга бўлдим. Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор кўпчилик юртдошларимиз қатори мени ҳам мулкдор бўлишга, ўз бизнесимни ташкил этиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилиш имкониятини берди.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 36-моддасидан.
Бош қомусимизда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиб, ўз мулкимга эга бўлдим. Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор кўпчилик юртдошларимиз қатори мени ҳам мулкдор бўлишга, ўз бизнесимни ташкил этиб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилиш имкониятини берди.
Собиқ тузум даврида жамият аъзолари мулкка эгалик ҳуқуқидан маҳрум эди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш ман этилган ва бу ишга қўл урганлар чайқовчи, ёт унсур сифатида жиноий жавобгарликка тортилган. Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, барчаси ўзгарди, тадбиркорлик билан шуғулланаман, эл-юртга наф келтираман, деган ишбилармонлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилди.
Тадбиркорлик ривожи йўлида яратилган кенг имтиёз ва преференциялар биз каби ёш ишбилармонларга ўз бизнесини эркин олиб бориш, янги ишлаб чиқариш ҳамда хизматларни ўзлаштириш, иш ўринлари яратиш имконини бермоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлди. Унда ишбилармонлик муҳити ҳамда бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилган. Бу биз, тадбиркорларни янада куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда.
2006 йилда ташкил этилган корхонамизда илғор технологиялар асосида бўёқларнинг сифатини оширувчи қўшимча маҳсулотлар ҳамда лок-бўёқлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган изланишлар натижасида темир конструкциялар чиришининг олдини олувчи маҳсулот тайёрлашга эришдик. Агар илгари бу каби маҳсулотлар четдан келтирилганини инобатга олсак, биз қилаётган ишнинг аҳамияти ўз-ўзидан аён бўлади.
Маҳсулотларимиз юқори сифати, халқаро талабларга жавоб бериши билан харидорларга манзур бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ички бозорга 200 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот етказиб бердик.
Президентимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичида совриндорлар қаторидан жой олаётганимиз иш яхши йўлга қўйилганидан далолат беради. Бу кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади. Келгусида қўшимча тармоқларни йўлга қўйишни, янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз.
Абдуқундуз Юнусов,
Фарғона шаҳридаги “Фар антикор инвест”
хусусий корхонаси раҳбари.