Тадбиркорлик ривожида янги босқич
Мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга кўпроқ эркинлик бериш, фаолиятига тўсқинлик қилаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.
Мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга кўпроқ эркинлик бериш, фаолиятига тўсқинлик қилаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан Ромитан туманида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган тадбирда бу алоҳида таъкидланди.
Ромитан туманида айни пайтда икки мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг деярли тенг ярми якка тартибдаги тадбиркорлардир.
Туманда экспортчи корхоналар сони ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Шарофат Инвест Текс” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси шулардан бири.
– Мамлакатимизда айниқса экспортчи корхоналарга катта имтиёз ва имкониятлар берилмоқда, – дейди қўшма корхона бош ҳисобчиси Мустафо Тўраев. – Масалан, валюта тушумининг ҳаммаси ўзимизда қолдирилмоқда. Бу маблағ ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сарфланаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида 324 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Бу умумий маҳсулотимизнинг қарийб 80 фоизини ташкил этади. Йирик экспортчи корхона сифатида солиқ ва божхона имтиёзларидан ҳам фойдаланамиз. Президентимизнинг 2015 йил 15 майда қабул қилган фармонига асосан экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони 35 тадан 5 тага туширилди. Бу, ўз навбатида, вақт ва маблағимизни тежаш имконини бераётир.
Тадбирда мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.