Тадбиркорлик ривожида барча масъул
Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган сессияси бўлиб ўтди.
Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган сессияси бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 2 август куни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ижроси юзасидан ўтказилган сессия видеомулоқот тарзида ташкил этилди. Унда вилоят студиясида сенаторлар, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, давлат ҳокимияти ва Термиз шаҳар, туман ҳокимлари, масалага алоқадор ташкилот, идора ва бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Туман ва шаҳар студияларида ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари, вилоят ташкилотларининг ҳудудлардаги бўлим бошлиқлари, тадбиркорлар қатнашди.
Сессияда сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш янги босқичга кўтарилиб, мавжуд муаммолар бартараф этилаётгани алоҳида таъкидланди. Муаммолар сенаторлар ва вилоятдаги мутасаддилардан тузилган ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилганда тадбиркорлик ривожида ўз ечимини кутаётган айрим масалалар борлиги аниқланган.
Вилоятда 14 минг 463 тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 2 минг 132 таси жорий йилнинг олти ойида ташкил этилган. Шу даврда кичик бизнес субъектлари томонидан 4 минг 979 янги иш ўрни яратилган. Айни пайтда иш билан банд бўлган аҳолининг 72 фоизи ёки 234 минг 792 нафари хусусий секторда меҳнат қилмоқда.
Чуқур танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда таъкидланганидек, ишчи гуруҳ томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш аҳволи ўрганилганида соҳани қўллаб-қувватлашда қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш талабга жавоб бермайди. Олти ойда 24 тадбиркорлик субъекти қайта тикланган, 184 субъект тугатиб юборилган. Бу воҳада фаолият юритмаётган хусусий корхоналар муаммолари билан тизимли ишлашда сусткашликка йўл қўйилаётганига яққол мисол.
Вилоятда 32 та йирик, 2 минг 225 та кичик саноат корхонаси рўйхатдан ўтган. Кейинги йилларда сендвич панели, цемент, йодланган туз, тикув-трикотаж буюмлари, пайпоқ каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Таҳлилларга кўра, саноат корхоналарининг 267 таси лойиҳа қуввати даражасида ишламаяпти. 44 тасида ишлаб чиқариш тўхтаган. Халқ истеьмоли молларининг 82 фоизи четдан олиб келинади. Йиғилишда шу боис четдан кириб келаётган истеъмол молларини ҳудудлар кесимида атрофлича ўрганиб, шу йўналишдаги лойиҳаларни ишга тушириш тавсия этилди.
Ҳисобот даврида вилоятда ишлаб чиқарилган 80,6 миллион доллар қийматидаги саноат маҳсулоти хорижга экспорт қилинган. Импорт салмоғи эса 127,9 миллион долларни ташкил этган. Гарчанд ўтган йилнинг шу даврига нисбатан импорт ҳажми 40 фоизга камайган бўлса-да, бу ҳали вилоятнинг мавжуд салоҳиятидан унумли фойдаланилаётир, дейишга асос бўлмайди. Воҳада рўйхатга олинган 84 та фойдали қазилма бойликларидан атиги 30 таси қисман ўзлаштирилганини қандай изоҳлаш мумкин?
Мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити яратилгани хорижий сармоядорларда жанубдаги вилоятга катта қизиқиш уйғотиб, сўнгги бир йилда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони уч бараварга ошди. Айни пайтда вилоятда 267 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона рўйхатга олинган. Табиийки бу энергияга бўлган талабни янада оширади. Аммо энергия тежамкор замонавий технологияларни жорий этишда сусткашлик кузатилмоқда.
Йиғилишда тадбиркорларга ер майдони ажратишнинг энг қулай, очиқ ва осон йўли жорий этилгани, ер майдонлари фақат “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо орқали ажратилиши, бу масалада қабул қилинган қарорлар халқ депутатлари вилоят кенгашида кўриб чиқилиб, тасдиқланиши каби масалалар ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Маркетинг хизматининг яхши йўлга қўйилмагани оқибатида аҳоли ҳамда тадбиркорлар қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганидан тўлиқ хабардор эмас. Шу боис воҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар эътибордан четда қолиб, савдо фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлар шу турдаги маҳсулотларни пойтахтимиз ва водий вилоятларидан ташиб келаётир. Бундай ҳолат воҳада тадбиркорларни ўзаро боғловчи кооперация алоқалари ҳам мавжуд эмаслигидан дарак беради.
Сессияда кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредит маблағларидан самарали фойдаланишда дуч келинаётган муаммоларга эътибор қаратилди. Жорий йилнинг олти ойида соҳага 951 миллиард сўм кредит маблағи йўналтирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўп. Афсуски, тижорат банкидан кредит олганига бир йилдан уч йилгача муддати ўтган айрим ишбилармонлар ҳалигача лойиҳаларини ишга туширишни пайсалга солмоқда. Шунингдек, қиймати 823,2 миллиард сўмлик 184 лойиҳанинг муддати ўтган бўлса-да, ишга туширилмаган. Бунинг оқибатида 470 иш ўрни яратилмай қолган. Ваҳоланки, ушбу лойиҳалар учун тижорат банклари томонидан 644,1 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган.
Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар давомида вилоятда банкларга қайтарилишида муддати ўтган 244 миллиард сўм кредит маблағлари мавжудлиги аниқланди. Масалан, “Сурхон оби ҳаёт“ масъулияти чекланган жамиятининг 43,3 миллиард, “Сардор-Сурхон-Барака“ масъулияти чекланган жамиятининг 9,8 миллиард, “Термизмебикосервис“ хусусий корхонасининг 4,9 миллиард сўмлик муддати ўтган кредит қарздорлиги мавжуд.
Йиғилишда “Ёшлар – келажагимиз” дастури ижросини таъминлаш, кичик саноат зоналарида лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш, солиқ ва бошқа тўловлардан ортиқча маблағ ундириш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли тавсиялар берилди. Дуч келинаётган муаммолар ечимининг оғир кечиши туман, шаҳар даражасидаги ва вилоятдаги мутасаддиларнинг лоқайдлиги билан боғлиқ экани таъкидланди.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан халқ депутатлари вилоят кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.

