Тадбиркорлик ривожи йўлида
Андижонда “Тадбиркор аёлларнинг молиявий саводхонлигини оширишда банкларнинг ўрни” мавзусида семинар ўтказилди.
Андижонда “Тадбиркор аёлларнинг молиявий саводхонлигини оширишда банкларнинг ўрни” мавзусида семинар ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Ҳамкорбанк” акциядорлик тижорат банки ҳамда “Тадбиркор аёл” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида банк ва молия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.
– Тадбиркорликда молиявий саводхонлик муҳим аҳамият касб этади, –дейди “Ҳамкорбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Нигора Ёқубова. – Шундан келиб чиқиб, жойларда ўтказилаётган тадбирларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган опа-сингилларимизнинг соҳага оид тушунчалари ҳамда молиявий, бизнес-режа тузиш ва кредит олиш қоидалари бўйича билимини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга ёрдам беради.
Таъкидланишича, ўтган йили “Ҳамкорбанк” томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 128,7 миллиард сўм кредит ажратилган. Бунинг самарасида кўплаб аёллар ўз бизнесини йўлга қўйган ва янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшган.
Семинарда “Бизнесни юритишда юридик жиҳатлар: қонунчилик ва имтиёзлар”, “Бизнес-режа тузишнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Банк билан муносабатлар: ҳисоб рақами очиш, кредит олиш учун керакли ҳужжатлар, кредит маҳсулотлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
– Бугунги машғулотларда корхонани бошқариш ва молиявий сиёсат юритиш бўйича билимимиз янада ошди, – дейди Андижон туманидаги “Энтомофолог био” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одина Саидова. – Айниқса, шу йўналишдаги илғор тажрибалар билан танишиш имкониятига эга бўлганимиз биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди.
Тадбир доирасида банкнинг молиявий кўмаги билан тадбиркорлик соҳасида улкан натижаларга эришаётган андижонлик ишбилармон аёллар ҳаёти ва фаолияти акс этган “Юксалиш тарихи” номли махсус фильм намойиш этилди.