Тадбиркорлик – фаровон турмуш омили
Термизда аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларда кичик бизнес субъектлари ва корхоналарини самарали бошқариш кўникмасини шакллантиришга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Термизда аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларда кичик бизнес субъектлари ва корхоналарини самарали бошқариш кўникмасини шакллантиришга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, мақсад ва интилишларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Сурхондарё вилоятида 16 мингга яқин ишбилармон аёл кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаолият юритмоқда. Юздан ортиқ хотин-қиз фермер хўжалиги раҳбари сифатида юртимиз фаровонлиги, ҳаётимиз маъмурчилигига муносиб ҳисса қўшаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 40 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи ажратилди. Тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқий-иқтисодий билим ва кўникмаларини ошириш, имтиёзли микрокредит маблағлари олишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Семинарда солиқ ва молия муассасаларининг тажрибали мутахассислари томонидан мустақил иш юритиш, бозорни ўрганиш, бизнес- режа тузиш каби масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди, – дейди “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар уюшмаси вилоят бўлими раиси Марҳабо Ёдгорова. – Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Машғулотларда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аёллар, коллежни битирган қизлар гуруҳларга бўлиниб, ўз қобилият ва кўникмаси тақдимотини ўтказди.
– Кўпдан буён тадбиркорлик қобилиятимни синаб кўришни ният қилар эдим, – дейди Термиз туманидаги Қаҳрамон маҳалласида истиқомат қилувчи Гулнора Муқимова. – Семинар-тренинг машғулотлари бу қизиқишимни янада ошириб, тадбиркорликни бошлашга бўлган ишончимни мустаҳкамлади.
Тадбир доирасида тадбиркор аёллар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.