Тадбиркорлик ривожига эътибор
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига кўмаклашиш партиянинг бош мақсади” мавзусида мулоқот ўтказилди.
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига кўмаклашиш партиянинг бош мақсади” мавзусида мулоқот ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар прокуратураси, солиқ, божхона, савдо-саноат палатаси бошқармалари вакиллари, партия фаоллари, тадбиркорлар, экспертлар иштирок этди.Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг ривожи йўлидаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар мулкдорлар ҳуқуқлари ва унинг ҳимоясини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг ўн бешдан ортиқ қонуни ва бошқа ҳужжатлар қабул қилингани тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини таъминлашда қўл келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шу асосда жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Мазкур ҳужжатлар асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, қонунчиликда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш кўзда тутилган. Фармонда тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини янада яхшилашга алоҳида урғу берилган.
Мулоқотда хусусий мулк эгалари ва тадбиркорларга янада кенг эркинлик бериш, мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини оширишга доир меъёрлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.