Тадбиркорлардан маҳорат дарслари
Давлатимиз раҳбари яқинда тадбиркорлар куни арафасида юртимиз ишбилармонлари билан ўтказган мулоқоти чоғида аҳолини тадбиркорликка ўргатишда айни чоғда ушбу тармоқда фаолият кўрсатаётган инсонларнинг ҳаётий тажрибаси қўл келишини алоҳида таъкидлаган эди.
Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқларида тадбиркорларнинг аҳоли билан учрашувлари, очиқ мулоқотлари ўтказилмоқда. Жумладан, Булунғур туманидаги 9-болалар мусиқа санъат мактабида ташкил этилган шундай тадбирда Янгиобод маҳалласида яшовчи, кўп йиллардан буён қуёнчилик ва туризм соҳасида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Меҳринисо Умрзоқова ҳудуд ёшлари ва тадбиркорликка қизиқувчиларга бизнес тармоқларнинг ривожланиши, фаолияти, келгусидаги режалари ҳақида гапириб берди.
– Қуёнчилик билан ҳар бир оилада шуғулланиш мумкин, фақат қуён боқишни яхши ўрганиш кифоя – дейди М.Умрзоқова. – Қуён тез кўпайгани, кам озуқа талаб қилгани, парҳез гўштига талаб юқорилиги боис қисқа муддатда яхши даромад олиш имконияти мавжуд. Туризм соҳаси эса истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, мазкур икки йўналишда фаолият олиб бориб, яхши натижаларга эришяпмиз, меҳнатимизга яраша даромад қиляпмиз. Яқинда Президентимиз билан Самарқандда ўтказилган учрашувда қатнашиб, солиқ тизими, банк соҳасидаги имкониятлардан, умуман у кишининг тадбиркорларга эътиборидан хурсанд бўлдим.
М.Умурзоқова тадбиркорлик соҳасидаги муваффақиятлари учун 2022 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Айни пайтда унинг раҳбарлигида 40 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиб, рўзғор тебратмоқда. Бу каби учрашувлар бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ўтказилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА