“Тадбиркорлар уйи” – тадбиркорларга кўмакдош
Тадбиркорлик бугунга келиб мамлакатимиз иқтисодиётининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Фарғона вилоятда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан ўтган йил октябрь ойида вилоят маркази ва барча шаҳар ва туманларда “Тадбиркорлар уйи” ташкил этилди. Айни кунларда тадбиркорлар чин маънода қўллаб-қувватланмоқда, муаммолари ҳал этилаётир. Ҳафтанинг ҳар душанба куни вилоят раҳбари ва ўринбосарлари томонидан тадбиркорлар қабулини ўтказиш йўлга қўйилгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унда келиб тушган барча мурожаатлар Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан баённома орқали расмийлаштирилиб, ижроси назоратга олинмоқда.
Вилоятда 2020 йил 1 октябрь ҳолатига тадбиркорлик субъектлари сони 71 минг 441 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 83 минг 262 тага етган. Демак, ўтган бир йил давомида 11 минг 821 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Албатта, бундай натижага эришишда барча “Тадбиркорлар уйи”нинг ўрни беқиёс.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги “Тадбиркорлар уйи”га бир йил давомида 3 минг 123 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар таҳлил қилинганда тижорат банкларига боғлиқ масалалар – 1 148 та, ер ва қурилиш масалалари – 695 та, муҳандислик коммуникациялари масалалари – 313 та, бошқа йўналишлар – 967 тани ташкил этди. Мурожаатларнинг 2 минг 343 таси ижобий, 574 таси қонуний тушунтириш бериш орқали ҳал этилган. 24 таси рад этилган, 182 таси айни пайтда ўрганиш жараёнида.
Ҳозирги кунда нафақат юртимиздаги тадбиркорлар, балки чет эллик хорижий тадбиркор-инвесторлар ҳам вилоятнинг иқтисодий ҳамда инвестицион фаолиятига қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, вилоят раҳбарлари томонидан Япониянинг “AOIKAI Medical Corporation”, Германиянинг “AV Consulting”, “Кнауф”, Хитойнинг “West China Cement Ltd” каби кўплаб компанияларнинг инвесторлари билан музокаралар ўтказилиб, ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Шаҳар ва туманлардаги “Тадбиркорлар уйи”га бириктирилган вакилларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга кўмак бериш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида доимий равишда ўқув-семинарлар ташкил этиш ҳам йўлга қўйилган. Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти бўйича ваколатли офиси ташаббуси билан вилоят “Тадбиркорлар уйи”да шаҳар ва туманлардан бириктирилган масъуллар учун вилоят ҳокимининг 2020 йил 5 октябрь кунги “Тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди. Унда “Тадбиркорлар уйи” фаолиятини янада жонлантириш, ишларни жадаллаштириш ҳамда ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш бўйича топшириқлар берилди.
Аброржон РАҲМОНОВ,
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги
Фарғона вилояти бўйича ваколатли офис бошлиғи.
ЎзА