Тадбиркорлар учун янада қулайлик
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида мазкур фармон ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали улушини изчил оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Фармонга мувофиқ микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида 6132 тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 5015 нафари кичик бизнес субъектидир. Туманда “Тошкент лок бўёқ заводи” қўшма корхонаси, “Махсусэнергогаз” акциядорлик жамияти, “Ўзнефтгазинформатика” акциядорлик жамияти, “Апартак” масъулияти чекланган жамияти, “Трансйўлқурилиш” давлат унитар корхонаси каби йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда.
2014 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 347 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 103,7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилди. Инвестиция лойиҳалари саноатнинг турли соҳалари ва хизмат кўрсатишда амалга оширилиши туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда юқори ўсиш суръатини таъминлайди.
Тадбирда тадбиркорларнинг саволларига мутасадди идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари жавоб қайтарди.